Андижон шаҳридаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бир неча кун давом этган енгил атлетика бўйича катталар ва ёшлар ўртасида ёпиқ иншоотдаги Ўзбекистон чемпионати якунланди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги, Енгил атлетика федерацияси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида 20 ёшгача бўлган ўғил-қизлар, шунингдек, катталар — эркаклар ва аёллар ўртасида ташкил этилган қишки чемпионат баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси ва республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган жамоалар таркибида 500 нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.

Чемпионат мусобақаларининг якуний натижаларига кўра, ёшлар ўртасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга Қашқадарё вилояти жамоаси сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Тошкент шаҳри, учинчи ўрин эса Навоий вилояти жамоаларига насиб этди.
Катталар ўртасида биринчи ўринни Самарқанд вилояти жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўринга Наманган, учинчи ўринга Сирдарё вилоятлари жамоалари сазовор бўлди.

Барча йўналишлар бўйича чемпионатнинг ғолиб ва совриндорлари диплом, тегишли медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланмоқда.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари