Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти билан Қирғизистон давлат қурилиш, транспорт ва архитектура университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича Aнглашув меморандуми имзоланган эди.
Унга мувофиқ “Ерни масофадан зондлаш материаллари асосида релефнинг рақамли моделини яратиш” мавзусида халқаро онлайн дарс бўлиб ўтди.
Халқаро онлайн дарсда икки таълим муассасасининг 200 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари, магистрантлари ҳамда талабалари фаол иштирок этди.
Маърузачи Қирғизистон давлат қурилиш, транспорт ва архитектура университети, ундаги фаолияти, олиб борилаётган илмий ишлар, таълим соҳасидаги янгиликлар, талабаларга дарс беришдаги янги инновацион технологиялар, талабаларни магистратура йўналишларида ўқишларини давом еттиришлари юзасидан суҳбат олиб борди.
Маърузачи профессор Aкилбек Чимиров томонидан Фазовий маълумотлар инфратузилмасини яратиш, МДҲ мамлакатларида давлат кадастрлари ердан оқилона ва самарали фойдаланиш, ушбу соҳадаги муносабатларни комплекс тарзда мувофиқлаштириш масалалари муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани қайд этилди.
Давлат кадастрлари, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни сақлаш ва муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, геодезия ва картография билан боғлиқ фаолиятни ривожлантириш бўйича давлатлараро миқёсда дастурларни ишлаб чиқиш зарурияти бор. Айниқса, аэрокосмик съёмка, топография, геодезия, картография, тупроқшунослик, геоботаника ва ерни масофадан туриб зондлаш, қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришни ташкил этиш, сунъий йўлдош навигация тизимининг ишлашини таъминлаш учун геодезия маълумотлари, картография материалларини яратиш, картографик мониторинг ва геодинамик тадқиқотларни амалга ошириш соҳасидаги тадқиқотлар ҳамда бошқа йўналишлар бўйича ишларни фаоллаштириш айни пайтда долзарб вазифа.
Бу каби ҳамкорлик алоқаларини олий таълим даргоҳлари кенг кўламда олиб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Шунингдек, янги долзарб илмий мавзулар юзасидан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш, илмий конференциялар, семинарлар ҳамда цимпозиумлар ташкил етишга келишиб олдилар.
Халқаро онлайн дарс якунида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Қизғин мунозара, савол-жавобларга бой ўтган ўқув-машғулоти барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.