ЎзА хабар берганидек, бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати ва Қирғиз Республикаси Хавфсизлик кенгаши котибияти ўртасидаги маслаҳатлашувнинг иккинчи давраси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Қирғиз Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Имонқулов раислигида кечган тадбирда давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабати ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бири манфаатларини ҳисобга олиш ва конструктив мулоқот тамойиллари асосида ривожланаётгани қайд этилди. Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларини делимитация қилиш жараёни якунланиши тарихий воқеа экани таъкидланди.

Ваколатли идораларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, икки томонлама ва минтақавий кун тартибига доир долзарб масалаларни ҳал қилишга қаратилган қўшма қарорлар ишлаб чиқиш мақсадида Маслаҳатлашувнинг изчил механизмини йўлга қўйиш муҳимлиги якдил эътироф этилди.
– Бугунги таҳликали даврда учрайдиган ҳеч бир муаммони муайян мамлакатнинг ўзи мустақил ҳал қила олмайди, – деди М.Имонқулов. – Шу боис барча соҳалар қатори хавфсизлик билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда ҳам ҳамкорлик жуда муҳим. 2019 йилда бўлиб ўтган маслаҳатлашувнинг биринчи даврасидан сўнг ўзаро алоқаларимиз сезиларли даражада чуқурлашди. Бугунги музокараларимиз шериклигимизни янада мустаҳкамлайди, деган умиддамиз.
Тадбир давомида томонлар хавфсизлик соҳасидаги шерикликни кенгайтириш бўйича умумий ташаббус ва тавсияларни илгари суришди, биргаликдаги ишлар самарадорлигини мунтазам ошириб бориш, фойдаланилмаган салоҳиятни юзага чиқариш орқали ҳаракатларга янги, жадал суръат бағишлаш муҳимлигини маъқуллашди.
Ғайрат Хонназаров,
Муҳаммад Амин (сурат),
ЎзА