Тошкентда 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати ва Қирғиз Республикаси Хавфсизлик кенгаши котибияти ўртасидаги маслаҳатлашувнинг иккинчи давраси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Қирғиз Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманкулов раислигида кечган тадбирда давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабати ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бири манфаатларини ҳисобга олиш ва конструктив мулоқот тамойиллари асосида ривожланаётгани қайд этилди.
Томонлар давлатларимиз раҳбарларининг қатъий саъй-ҳаракати туфайли кейинги йилларда ўзаро муносабатларни тубдан яхшилашга эришилгани, алоқаларимиз мазмунан бойиб бораётгани, кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор қўйилганини эътироф этдилар.
В.Маҳмудов сўзи аввалида Қирғизистон делегациясининг барча аъзоларини яқинлашиб келаётган Наврўз айёми билан қутлаб, Ўзбекистон Қирғизистон билан асрлар давомида бизни боғлаб келаётган ришталар – яхши қўшничилик муносабати, умумий қадрият ва манфаатларимизни юксак қадрлашини таъкидлади.
Маслаҳатлашув чоғида халқаро террор, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси сингари минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ ва бошқа таҳдид, хавф-хатарларга қарши кураш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-11019]
Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларини делимитация қилиш жараёни якунланиши тарихий воқеа экани таъкидланди.
Ваколатли идораларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, икки томонлама ва минтақавий кун тартибига доир долзарб масалаларни ҳал қилишга қаратилган қўшма қарорлар ишлаб чиқиш мақсадида Маслаҳатлашувнинг изчил механизмини йўлга қўйиш муҳимлиги якдил эътироф этилди.
– Бугунги таҳликали даврда учрайдиган ҳеч бир муаммони муайян мамлакатнинг ўзи мустақил ҳал қила олмайди, – деди ўз навбатида М.Имонқулов. – Шу боис барча соҳалар қатори хавфсизлик билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда ҳам ҳамкорлик жуда муҳим. 2019 йилда бўлиб ўтган маслаҳатлашувнинг биринчи даврасидан сўнг ўзаро алоқаларимиз сезиларли даражада чуқурлашди. Бугунги музокараларимиз шериклигимизни янада мустаҳкамлайди, деган умиддамиз.
Тадбир давомида томонлар хавфсизлик соҳасидаги шерикликни кенгайтириш бўйича умумий ташаббус ва тавсияларни илгари суришди, биргаликдаги ишлар самарадорлигини мунтазам ошириб бориш, фойдаланилмаган салоҳиятни юзага чиқариш орқали ҳаракатларга янги, жадал суръат бағишлаш муҳимлигини маъқуллашди.
Томонлар конструктив ҳамкорликни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга содиқлигини, хавфсизлик соҳасидаги Ўзбекистон-Қирғизистон шериклигини, жумладан, шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, биргаликдаги амалий саъй-ҳаракатлар механизмини мувофиқлаштириш орқали ривожлантиришга қатъий тайёр эканлигини тасдиқладилар.
Учрашув якунида хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга қаратилган аниқ йўналишлар, чора-тадбирлар белгиланган Маслаҳатлашув протоколи имзоланди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА