Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари олий таълим муассасалари ўртасида таълим, илм-фан соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Қирғизистон Республикасининг учта олий таълим муассасаси вакиллари Андижон давлат университетининг Педагогика институтида бўлди.
– Профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг тажриба алмашиши, малака оширишларини қўллаб-қувватлаш, яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўш шаҳридаги Ботирали Сидиқов номидаги Қирғиз-Ўзбек халқаро университети, Ўш давлат университети ҳамда Б.Осмонова номидаги Жалолобод давлат университети проректорлари, кафедра мудирлари, факультет деканлари келди, – дейди Андижон давлат университети Педагогика институти директори Бахтиёржон Расулов. – Қўшни давлат олий таълим муассасалари билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши шубҳасиз, ҳар икки томон учун фойдали бўлади.
Ташриф давомидаги мулоқот ва музокараларда томонлар ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
[gallery-7212]
Ҳамкорлик доирасида икки мамлакат делегациялари иштирокида Андижон давлат университетининг Педагогика институтида Чингиз Айтматов номидаги “Қирғиз тили ва маданияти маркази” очилди.
Тадбирда Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижоди, у қолдирган бой ижодий мерос нафақат қирғиз халқи, балки Марказий Осиё халқлари учун ҳам қадрли эканлиги таъкидланди.
Марказдан Чингиз Айтматов ҳамда қирғиз адабиётининг дурдона асарлари, қирғиз маданиятига оид илмий ишлар, институтнинг қирғиз тили ва адабиёти таълим йўналиши талабаларининг эришган ютуқлари жой олган.
Қирғизистон олий ўқув юртлари вакиллари институтда талабаларга яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари, илмий-техникавий лабораториялар, кутубхона, “Заковат клуби” хонаси ҳамда 840 ўринли талабалар турар жойи билан танишди.
– Институтда бир неча йилдан буён қирғиз тилини ўқитиш бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрланади, – дейди Андижон давлат университети Педагогика институти ўқитувчиси Маҳбубахон Темирова. – Айни кунда қирғиз тили ва адабиёти таълим йўналишида 60 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Қирғизистон делегацияси вакиллари мусиқа, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, технологик таълим йўналиши ўқитувчи ва талабалари билан суҳбатлашди, талабалар томонидан тайёрланган қўл меҳнатлари, ижодий ишлар кўргазмалари, намойиш этилган мусиқий дастур меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф доирасида институтда қирғиз ва жаҳон адабиётининг йирик намоёндаси Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА