Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Қирғизистон билан энергетика соҳасида ҳамкорлик қилади
13:25 / 2021-05-21

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров жорий йилнинг 11-12 март кунлари мамлакатимизга қилган давлат ташрифи давомида Ўзбекистон – Қирғизистон бизнес форуми доирасида ташкил этилган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” кўргазмаси билан танишган эди.

Кўргазмада икки давлат раҳбарлари “Иссиқлик электр станциялари” АЖ павильонида ҳам бўлиб, электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳалар билан танишган ва ушбу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилганди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизматига кўра, шу кунларда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва Қирғизистоннинг “Электр станциялари” ОАЖ ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида меморандум ҳамда “Йўл харитаси” имзоланди.

– Мақсадимиз икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шерикликка асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, – дейди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси Фарҳод Абдураҳмонов. – Белгилаб олинган вазифалар ижросини таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш, ушбу йўналишда фаолият юритувчи Қирғизистон компанияларига техник кўмак кўрсатиш, маҳаллийлаштириш дастури доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ускуналарни етказиб бериш бўйича маслаҳатлашувлар учун жамиятимиз вакиллари айни пайтда Қирғизистонда бўлиб турибди.

Хизмат сафари давомида Қирғизистонда мавжуд иссиқлик электр станцияларининг иш фаолияти ўрганилиб, электр энергетика соҳасини ҳамкорликда ривожлантириш масалалари таҳлил этилмоқда.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА тайёрлади.