Бирлашган Араб Амирликларида футбол бўйича “Ал-Айн халқаро кубоги” финал баҳсида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронга қарши майдонга тушди.

“Ҳазза бин Зайид” стадионида ўтказилган ушбу учрашувнинг биринчи бўлимида футболчиларимиз ўйин тизгинини қўлга олди. Натижада терма жамоамиз рақиб дарвозаси томон бир қатор хавфли вазиятлар содир этди. Бироқ ҳисобни оча олмади. Иккинчи бўлимда ҳам ҳисоб очилмагани боис, жамоалар пенальтилар сериясига мурожаат қилди. Унда Фабио Каннаваро шогирдлари 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эронни таслим этди ва “Ал-Айн халқаро кубоги” ғолибига айланди. Эрон эса мусобақанинг иккинчи поғонасидан жой олди.
Шунингдек, мусобақада Миср пенальтилар сериясида Кабо-Вердени енгиб, учинчи ўринни эгаллади.

Маълумот ўрнида: сентябрь ойида пойтахтимизда ўтказилган "CAFA Nations Cup" турнири финалида Ўзбекистон терма жамоаси азалий рақибларини 1:0 ҳисобида таслим этган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА