Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Қаҳрамонлари ёшлар билан учрашди
17:18 / 2021-10-19

Бухоро давлат университетида “Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони совриндорлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Университет профессор-ўқитувчилари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда Бухоро тумани "Маданият Муҳаммад Исмат" фермер хўжалиги раҳбари М.Ахмедов, Шофиркон тумани "Азим Шофиркон юлдузи" фермер хўжалиги раҳбари А.Латипов ҳамда меҳнат фахрийлари Т.Нарзиев, М.Рахматова, М. Темировалар ибратли ҳаёт йўллари ҳақида гапириб берди.

– Барчангизга маълумки, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони олий даражадаги мукофот бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади, – дейди Бухоро давлат университети ректори О.Хамидов. – Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини ошириш, Ватанимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги катта хизматлари, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлиги, давлат ва халқ манфаатлари йўлидаги фидокорона меҳнати, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маънавий соҳалардаги кўп йиллик самарали ва ибратли фаолияти, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун тақдим этиладиган «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ҳар бир ватанпарвар ўзбекнинг қалбидаги орзуси, десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимизда ўз фаолияти, эзгу ишлари билан кўпчиликка ибрат ва намуна бўлаётган “Ўзбекистон Қаҳрамон”ларини кўпайиб бораётгани барчамизни хурсанд қилади. Сизлар билан учрашиш талабаларимизнинг ўқув фаолиятида руҳ беришига, уларнинг шижоатига шижоат қўшишига ишонаман. Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, ташриф буюрганингиз бениҳоя аҳамиятлидир. Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшиш йўлида асло чарчаманг.

Тадбир давомида ёшлар Ўзбекистон Қаҳрамонлари билан дилдан суҳбатлашди. Қаҳрамонлар талабаларга ўзларининг ибратли ҳаёт йўллари ҳақида гапириб беришди.

[gallery-4307]

– Юрт корига яраш бу баландпарвоз ибора эмас, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони "Маданият Муҳаммад Исмат" фермер хўжалиги раҳбари М. Ахмедов. – Бу машаққатли ва шарафли ҳаёт йўли, ҳалол пешона тери, бутун умр Ер билан тиллашиш, бедор ўтган тун ва кунлар деганидир. Бизнинг мана шу меҳнатимизнинг юксак даражада қадр топгани бу юртда барча ислоҳотлар инсон учун эканлигининг далилидир.

–Эътибор учун, эътироф учун Бухоро давлат университети жамоасига миннатдорлик билдираман, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, меҳнат фахрийси М.Рахматова. – Ушбу даврада ақл-заковати, меҳр-оқибати, илмий ва ижодий фаолияти билан тенгқурларига ибрат бўлиб, гўзал юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлашга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган бўлғуси “Ўзбекистон қаҳрамонлари” ўтирибди. Ўғил-қизларим, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона фаолият юритишингизга тилакдошман. Келажакда сиздай иқтидорли, салоҳиятли ёшларимиз бизнинг муносиб давомчиларимиз бўлишига алсо шубҳам йўқ.

Қизғин руҳда, самимий савол-жавобларга бой тарзда ўтган учрашув якунида меҳмонларга университет раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари топширилди.

 

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА