Халқимиз томонидан интиқиб кутилган, бутун жамоатчилик диққат-эътиборида бўлган Президент сайлови жараёнлари бугун эрта тонгдан Фарғона вилоятида ҳам ўзгача файз билан бошланди.
Муҳим сиёсий тадбир ҳозирда Олтиариқ тумани Қапчуғай маҳалласи ҳудудидаги 730-сонли сайлов участкасида қизғин давом этмоқда. Сайлов дақиқалари яқинлашар экан, маҳалла нуронийлари бирин-кетин участкага ҳаяжон билан кела бошлади. Қувонарлиси, уларнинг орасида Ўзбекистон Қаҳрамони, "Нурли обод" фермер хўжалиги раҳбари Лолахон Муродова ҳам бор.

Пахтачиликда неча йиллардан бери ибрат мактаби вазифасини ўтаётган, ўз фидокорона меҳнати билан туман қишлоқ хўжалигини мамлакатга танитаётган Лола Муродова биринчилардан бўлиб овоз бериб, фуқаролик бурчини бажаришда ҳам ёшларга, маҳалладошларига ўрнак кўрсатди.
–Сайлов халқимизнинг якдиллигини, ҳамжиҳат ва фаоллигини ифода этадиган жараёндир, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродова. – Юртдошларимизнинг кайфияти аъло даражада. Ўзим овоз берган сайлов участкасида сайловчиларнинг кети узилмаяпти. Ҳамюртларимизнинг ўз тақдирига бефарқ бўлмай, бу муҳим жараёнда фаол қатнашаётганидан рости жуда хурсанд бўлдим.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров олган (сурат),ЎзА