Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) бош котиби Кубаничбек Омуралиевни қабул қилди.
Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги доирасида биргаликда амалга оширилган ишлар натижалари ва унинг бўлажак саммитига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.
Ўтган даврда туркий давлатларнинг кўп томонлама шериклиги янги суръат билан ривожланганини таъкидлаш жоиз. Юздан ортиқ тадбирлар ўтказилди, амалий ҳамкорлик учун қатор янги майдонлар ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Халқаро туркий маданият ташкилотининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди.
Учрашувда ТДТ доирасида савдо, “яшил” иқтисодиёт, инвестициялар, инновациялар, транспорт ва логистика, туризм, экология, ёшларга оид сиёсат, туркий халқларнинг маданий ва тарихий меросини оммалаштириш соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.