Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасида МДҲ мамлакатларининг иштирок этиши ўта муҳим, деди жума куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, деб ёзмоқда РИА Новости.
Шавкат Мирзиёев жума куни Остонада бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари раҳбарлари Кенгаши мажлисида иштирок этди, дейилади хабарда.
"Мамлакатларимизнинг транспорт тизими учун жиддий чақириқларни ҳисобга олсак, биргаликда янги логистик йўлакларни ривожлантириш ўта муҳим ҳисобланади. Бу ерда гап Термез – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор, ҳамда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўлларини қуриш лойиҳалари устида бормоқда", – деди Ўзбекистон Президенти мажлисда сўзга чиқиб, дейилади хабарда.
Ўзбекистон раҳбарининг таъкидлашича, юқорида айтиб ўтилган лойиҳалар МДҲни трансконтиненталь транспорт ташувларининг муҳим бўғинига айлантиради.
2021 йил февраль ойида Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати Афғонистон ва Покистон билан темирйўл қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаганди.
Жорий йилнинг июль ойида томонлар йўналишни аниқлаб олиш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш учун дала ишларини олиб борди. Лойиҳа қатнашчиларининг ҳисоб-китобича, дастлабки харажатлар тахминан 5 миллиард долларга баҳоланган. Янги транспорт йўлагининг транзит салоҳияти 20 миллион тонна юк бўлиб, у Евроиттифоқ, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва кейинчалик Жануби-Шарқий Осиёни ўзаро боғлаши керак.
С.Раҳимов, ЎзА