Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 апрель куни шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасида Россия делегациясига бошчилик қилаётган Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуровни қабул қилди.
Учрашувда икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари 35 мамлакат бизнесининг 5 минг нафардан зиёд вакиллари иштирокидаги “Иннопром” форуми муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилаётганини мамнуният билан қайд этди.
Товар айирбошлаш суръатини сақлаш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларида саноат кооперациясини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат ҳудудларининг амалий шериклигини янада ривожлантириш ва ҳамкорликни аниқ лойиҳалар билан бойитиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Мисол тариқасида жорий ҳафтада Жиззах вилоятида технологик парк ишга туширилгани қайд этилди.
Лойиҳа офиси фаолияти доирасида, шу жумладан энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика каби йўналишларда ва бошқа тармоқларда инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди.
Саноат ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашда Россия тажрибасини жорий этишга қизиқиш билдирилди ҳамда қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг институционал механизмларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.