Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Лю Гочжун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Хитой делегацияси раҳбари Ўзбекистон етакчисига ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цяннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Жорий йил январь ойида Хитойга амалга оширилган олий даражадаги ташриф якунида эришилган келишувлар ижросининг бориши таҳлил қилинди.
Қўмита фаолияти самарали натижалар бераётгани, товар айирбошлаш ва жалб этилаётган инвестициялар ҳажми барқарор ошаётгани, мунтазам авиақатновлар сони кўпайиб бораётгани, маданий тадбирлар фаол ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо кўрсаткичларида мувозанатни таъминлаш ва мамлакатимиз маҳсулотларининг Хитой бозорига кириши учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида муҳим инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар кооперациясини кенгайтириш, гуманитар, таълим ва туризм дастурларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича ишларнинг амалий босқичини тез фурсатда бошлаш билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама қилинди.