Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зарифни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси келтириб чиқарган мураккаб шароитларга қарамай Ўзбекистон-Эрон муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Вазир Муҳаммад Жавад Зариф, ўз навбатида, самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига, савдо алоқаларини ривожлантириш ва янги кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Эроннинг денгиз портларидан самарали фойдаланиш ҳамда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон транспорт йўлагини ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирган долзарб жиҳатлари, шу жумладан минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Эрон ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича тинчлик музокараларига кўмаклашиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.