Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон помидор қоқиси энди Италия бозорида
15:07 / 2025-11-05

“Yangiyo‘l – Agro Star” ихтисослашган компанияси «Бизнесни ривожлантириш банки» билан ҳамкорликда Италияга 36 тонна помидор қоқисини экспорт қилди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлида навбатдаги йирик натижага эришилди. 

Тайёрланган 36 тонна помидор қоқиси муваффақиятли тарзда Италия Республикасига экспорт қилинди.

 

Бу лойиҳа жорий йилнинг март ойида Италиянинг “Areafredda” компанияси билан тузилган 200 тонналик экспорт шартномаси асосида амалга оширилди. Мазкур ҳамкорлик нафақат маҳсулот етказиб бериш, балки ишлаб чиқариш жараёнларини халқаро стандартларга мослаштиришни ҳам назарда тутади.

Европа стандартларига мос ишлаб чиқариш мақсадида келишув доирасида италиялик агроном-мутахассислар помидор экиш, парваришлаш ва қуритиш жараёнларига жалб қилинди. “Yangiyo‘l – Agro Star”  ихтисослашган компанияси ҳамда маҳаллий ер эгалари ўртасида тузилган шартномалар асосида “Max Rio” навли помидор уруғлари етказиб берилди. Италиялик ҳамкорлар бевосита жараёнларда иштирок этиб, фермерларга агротехник тадбирларни самарали олиб бориш бўйича, замонавий илмларга асосланган тавсиялар бериб боришди.

Натижада 623 тонна помидор етиштирилиб, қайта ишлаш орқали экспортбоп маҳсулот тайёрланди. Жараён давомида 300 нафар фуқаро мавсумий иш ўринлари билан таъминланди.

Иш самарадорлиги ва сифат кўрсаткичлари юқори бўлгани сабабли 2026 йилда 2 минг тонна помидор қоқисини экспорт қилиш бўйича янги келишувга ҳам эришилди.

“Yangiyo‘l – Agro Star”  компанияси томонидан «Бизнесни ривожлантириш банки» билан ҳамкорликда намунавий тарзда ташкил этилган қоқи қуритиш плантасиялари келгуси йилда Қашқадарё, Андижон, Сирдарё вилоятларида йўлга қўйилиши режалаштирилган. Бу нафақат янги иш ўринларини яратади, балки помидор етиштирувчи фермерлар учун барқарор бозор тизимини йўлга қўяди.

Реклама ҳуқуқи асосида

ЎзА