Варшава шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувнинг 8-раунди бўлиб ўтди.
Делегацияларга икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари Шерзод Асадов ва Марчин Пшидач раҳбарлик қилди.
Сиёсий маслаҳатлашув давомида ўзаро муносабатнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи ҳамда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги алоқалар муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масаласи бўйича фикр алмашилди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш учун Польша сармояси ва технологияларини жалб қилиш, Польшага миллий маҳсулот экспортини кўпайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Шерикликнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим, фан, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Учрашувда, шунингдек, томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
ЎзА