Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Польша: парламентлараро ҳамкорлик кенгаяди
12:12 / 2023-06-19

Ўзбекистон парламенти делегацияси Польша Республикасида бўлди. Ташриф доирасида «Ўзбекистон –Польша» парламентлараро дўстлик гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Шунингдек, Польша Сенати раиси ўринбосари  Б.Борусевич, Сейм вице-спикери Р.Терлицк ва Мазовия вилояти маршали (раҳбари) А.Струзик билан учрашувлар ўтказилди.  

Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Польша муносабатларининг ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида ўзаро тажриба алмашишни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.  

Ўзбекистон парламенти аъзолари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш, мамлакатимиз барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.  

Польша томони Ўзбекистонда демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.  

Ўзбекистонда ўтказилаётган муддатидан илгари Президент сайлови давлат зиммасига юклатилган юксак масъулиятни,  амалга оширилаётган ўзгаришларнинг чинакам демократик моҳиятини яққол намоён этади.  

Мулоқот чоғида икки томонлама парламентлараро мулоқот изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришда ўзаро қизиқиш билдирилди.  

Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Иқтисодиётнинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати, аграр ва энергетика секторларидаги лойиҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланди.  

Икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш мақсадида польшалик парламент аъзолари Польша-Ўзбекистон иқтисодий форумини ўтказишни таклиф қилди.  

Меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликнинг икки томонлама ишончли асосларини шакллантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.  

Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, икки давлат пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани ишбилармонлик алоқаларининг ошишига, ўзаро сайёҳлик оқимининг ошишига хизмат қилишини қайд этди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА