Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Покистон: Умумий тарих, муштарак мақсадлар
20:44 / 2026-02-04

Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари тасодифий ёки фақат замонавий сиёсий манфаатлар билан чекланмайди. Бу алоқалар илдизи Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб келган Буюк Ипак йўли, умумий цивилизация макони ҳамда муштарак маънавий қадриятларга уланган. Тарихан илм-фан, савдо ва маданий алмашинув маркази сифатида шаклланган бу ҳудудлар бугунги стратегик яқинлик учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажармоқда.

Покистон Ислом Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 20 декабрда биринчилар қатори тан олгани ўзаро муносабатлар тарихида муҳим сиёсий рамз ҳисобланади. Орадан кўп ўтмай, 1992 йил дипломатик алоқа ўрнатилиши ўзаро ишончга асосланган расмий мулоқот бошланишига замин яратди. Шундан буён икки давлат алоқалари изчил ривожланиб, бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Халқаро майдонда Ўзбекистон ва Покистон кўплаб платформаларда ўзаро яқин позиция намоён этиб келмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида глобал хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва минтақавий барқарорлик масалаларида ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиёти шаклланган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида эса диний бағрикенглик, маданий меросни асраш ва ислом оламида ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш масалалари умумий кун тартибидан жой олган. Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти икки давлат учун хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи муҳим минтақавий платформадир.

2021 йил июль ойида Стратегик шериклик муносабатини ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланиши Ўзбекистон – Покистон алоқаларида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжатда сиёсий мулоқотни тизимли асосга ўтказиш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва транспорт-логистика соҳасида узоқ муддатли лойиҳалар илгари суриш назарда тутилган. Бундай ёндашув ўзаро манфаат фақат икки томонлама эмас, балки минтақавий миқёсда уйғунлашаётганидан далолат.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил март ойидаги Покистонга расмий ташрифи ушбу стратегик йўналишнинг амалий ифодасига айланди. Ташриф доирасида ўнга яқин муҳим ҳужжат имзоланиши, хусусан Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим кучга кириши савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтарди. Бу келишув божхона тўсиқларини босқичма-босқич камайтириш, савдо номенклатурасини кенгайтириш ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.

Мазкур жараён кўрсатадики, Ўзбекистон – Покистон муносабати энди фақат сиёсий мулоқот билан чекланмай, аниқ иқтисодий ва институционал мазмун билан бойимоқда. Айниқса, транспорт-транзит, савдо ва инвестиция йўналишлари икки мамлакат ҳамкорлигининг асосий драйверига айланмоқда. Бу эса минтақалараро боғлиқликни кучайтириш, умумий иқтисодий макон яратиш учун қулай имкон беради.

Савдо, иқтисодиёт ва транспорт йўналиши: ҳамкорликнинг асл пойдевори

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик устувор йўналишга айланди. Бу жараён икки давлат раҳбарлари даражасида қабул қилинган сиёсий қарорларнинг амалий натижасидир. Хусусан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида божхона тартиб-таомилини соддалаштириш, айрим маҳсулотлар бўйича преференция жорий этиш, бизнес субъектлари ўртасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш кўзда тутилган.

Расмий маълумотга кўра, 2024 йил ўзаро савдо айланмаси 404 миллион доллардан ошгани мазкур ёндашув самарадорлигини тасдиқлайди. Айниқса, экспорт ҳажми импортдан юқорилиги Ўзбекистон маҳсулотлари Покистон бозорида рақобатбардошлигини кўрсатади. Бу жараёнда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, фармацевтика ва саноат товарлари салмоқли миқдорни ташкил этмоқда. Покистон томони эса озиқ-овқат, кимё саноати ҳамда технология маҳсулотлари билан таъминот занжирида муҳим ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда.

The Uzbekistan–Afghanistan–Pakistan Railway Agreement

Ҳамкорликнинг яна бир стратегик йўналиши транспорт ва транзит салоҳиятини биргаликда ривожлантиришдир. Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғловчи янги йўлаклар нафақат икки давлат, балки кенг миқёсда минтақа манфаатига хизмат қилади. Шу маънода, Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон йўналиши минтақалараро боғлиқликни кучайтирувчи муҳим ташаббус сифатида кўрилади. Бундай лойиҳалар мамлакатимиз учун жаҳон бозорларига чиқиш имкониятини кенгайтирса, Покистон учун Марказий Осиё бозорларига тўғридан-тўғри кириш имконини яратади.

Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити якуни бўйича 20 га яқин ҳужжат  имзоланади

Жумладан, 2022 йил Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ҳам ушбу масалага юқори даражада эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф учрашувида транспорт-транзит лойиҳалари, инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси мавзулари устувор йўналиш сифатида белгиланди. Натижада икки томонлама алоқалар шунчаки декларатив эмас, балки аниқ иқтисодий мазмун касб эта бошлади.

Кенгроқ нуқтаи назардан қаралганда Ўзбекистон – Покистон ҳамкорлиги Марказий ва Жанубий Осиёни барқарор боғловчи кўприк вазифасини бажариши мумкин. Бу нафақат савдо ҳажми ошиши, балки минтақавий хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва интеграция жараёни чуқурлашувига ҳам олиб келади. Айниқса халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик ушбу жараёнларга қўшимча легитимлик, институционал таянч беради.

Умуман, Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари бугунги кунда умумий тарихий меросдан келиб чиқиб, аниқ стратегик мақсадларга йўналтирилган ҳамкорликка айланмоқда. Сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар ва транспорт ташаббуслари ўзаро уйғунлашиб, икки давлат манфаатларига хизмат қилаётган барқарор шерикликни шакллантирмоқда. Ушбу формат келгусида бутун минтақа учун ижобий намунага айланиши мумкин.

Мусулмон Зиё, ЎзА

Мақола Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби аъзоси Асқар Одилбеков фикрлари асосида тайёрланди.