Ўзбекистоннинг яқин ҳамкорлари орасида Покистон алоҳида ўрин тутади. Гарчи сарҳадларимиз туташ бўлмаса-да, икки давлат ўртасида тарихий, маданий ва геосиёсий алоқалар чуқур илдиз отган. Ушбу ҳамкорлик Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини боғловчи муҳим кўприк вазифасини бажаради.
Бугун Тошкент Фотосуратлар уйида “Ўзбекистон – Покистон: умумий маданий мерос” номли фотокўргазма ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, икки ўлка элчихоналари ва Фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазмада мамлакатларимиз ўртасидаги кўп асрлик маданий ва маънавий алоқаларни ёритувчи ноёб фотосуратлар намойиш этилди. Улар орасида исломий меъморчилик дурдоналари, қўлёзмалар, қадимий шаҳарлар манзаралари ва буюк алломалар илмий меросини акс эттирган суратлар бор.
[gallery-24753]
– Покистон ва Ўзбекистон ўртасида узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган мустаҳкам алоқалар мавжуд, -деди Покистон Ислом Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Фаруқ ўз нутқида. – Бизни ўзаро тарихий ва маданий ришталар боғлаб туради. Урду ва ўзбек тилларида 4 мингга яқин умумий сўзлар борлиги бунинг яққол намунасидир. Шунингдек, миллий либосларимиз, архитектура намуналари ва қадриятларимизга назар ташласангиз, бу каби ўхшашликларни кўплаб гувоҳи бўласиз. Бугунги анжуман нафақат бизнинг умумий тарихий ва маданий меросимизни намоён этмоқда, балки келгуси авлодлар учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Масалан, Лоҳур қалъаси ва Бухоро Аркини олайлик — иккаласи ҳам меъморчилик санъатининг юксак намуналари, дейиш мумкин. Таъкидлаганимдек, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар чуқур илдизларга эга ва ушбу кўргазма муносабатларимизнинг гўзал ифодаси бўлди.
Ушбу йиғиннинг асосий мақсади – Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш, умумий тарихий илдизларни тарғиб қилиш ва ёшлар орасида маданий меросга бўлган қизиқишни оширишдан иборат. Кўргазмада икки давлат расмийлари, маданият ва санъат намояндалари, дипломатлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Mjv2RlEaWTg" title="O‘zbekiston - Pokiston: umumiy madaniy meros" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё, Дониёр Ёқубов (видео), Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА