Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклиги янги босқичда
21:36 / 2026-02-08

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикасига ташриф буюрди.

Ташриф давомида бир қатор манфаатли келишувларга эришилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз муносабати ва фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида ривожланиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифи юқори даражадаги эътибор ва самимий муҳитда бўлиб ўтди.

Давлат ташрифи доирасидаги муҳим босқич — Покистоннинг ҳарбий саноати салоҳияти билан танишиш бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев етакчи мудофаа корхоналари фаолияти, замонавий ҳарбий техника ва технологиялар билан яқиндан танишди. Бу ташриф ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига амалий мазмун бахш этди. Ҳарбий саноат соҳасидаги мулоқотлар икки мамлакатнинг хавфсизликка доир ёндашувлари муштарак эканини яна бир бор тасдиқлади.

Давлат раҳбари Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан олий даражадаги музокаралар ўтказди. Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида ўтган учрашувларда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма корхоналарни кўпайтириш каби аниқ устувор йўналишлар белгилаб олинди. 

Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар катта самарадорлик билан ривожланган: икки мамлакат ўртасидаги савдо 2,5 бараварга ошган, қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони қарийб 3 бараварга кўпайган. Бундан ташқари, савдо айланмасини яқин келажакда 2 миллиард долларгача етказиш мақсад қилиб қўйилган ҳамда 3,5 миллиард долларлик истиқболли савдо ва инвестиция битимлари портфели шакллантирилган. 

Самарали музокаралар натижасида томонлар 30 га яқин муҳим ҳужжат, жумладан, Қўшма декларация ва стратегик йўналишлар бўйича келишувлар имзоладилар. Улар иқтисодий, савдо, транспорт-логистика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва саноат каби кенг соҳаларни қамраб олган муҳим муҳокамаларни ўз ичига олди.

Музокаралар натижасида икки давлат ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга қаратилган келишувларга эришилди. Иқтисодий, инвестициявий, ҳарбий-техник, транспорт ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ “йўл харитаси” шакллантирилди. Бу келишувлар муносабатларни фақат баёнотлар даражасида эмас, балки амалий натижалар орқали мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ташрифнинг мантиқий давоми сифатида таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Покистондаги етакчи университет томонидан Президент Шавкат Мирзиёевга фахрий доктор ва профессор унвони берилиши икки мамлакат муносабатларининг фақат сиёсий ёки иқтисодий эмас, балки интеллектуал ва маънавий пойдеворга ҳам эга эканини кўрсатди. Бу эътироф Ўзбекистонда таълим, фан ва инновация соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсда тан олинаётганидан далолат беради.

Президентимиз ташрифи доирасида Исломободдаги кўчага Тошкент ҳамда янги барпо этиладиган боғга Бобур номи берилди. Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи аниқ кетма-кетликка эга, пухта ўйланган ва стратегик мақсадларга қаратилган ташриф бўлди. Кутиб олишдан тортиб, ҳарбий саноат билан танишиш, олий даражадаги учрашувлар ва муҳим келишувларгача бўлган барча босқичлар икки давлат ўртасидаги шериклик янги, янада мазмунли босқичга кўтарилаётганини яққол намоён этди.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди,
ЎзА