Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Исломобод шаҳрида Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд билан учрашди.
Ушбу мулоқот давомида иқтисодий шерикликни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари, амалдаги келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳамда ҳукумат ва ишбилармон доиралар иштирокида режалаштирилган икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Хусусан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим бўйича келишишни жадаллаштириш ҳамда Транзит савдоси тўғрисидаги битимни амалда жорий этиш бўйича қўшма тадбирлар режаси бўйича долзарб вазифалар кўриб чиқилди. Томонлар бу борада юзага келаётган масалаларни тезкор ўрганиш ва ҳал қилишга қизиқиш билдирдилар.
Ўзаро савдо ҳажми ўсиши ва диверсификациясининг ижобий суръат қайд этилди. Жумладан, 2021 йилда пандемиянинг салбий оқибатларига қарамай, Ўзбекистон - Покистон савдо ҳажми қарийб 50 фоиз ошди. Хусусан, асбоб-ускуна, озиқ-овқат, кимё, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилишда сезиларли натижага эришилди.
Томонлар устувор тармоқларда инвестициявий ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароитни олқишлади. Суҳбат чоғида қўшма инвестиция ташаббусларини рўёбга чиқариш учун истиқболли йўналишлар ва тўпланган муваффақиятли тажриба асосида икки мамлакат тадбиркорларини лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилиш механизми кўриб чиқилди.
Бўлажак икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш, жумладан, Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва қўшма бизнес-форумни ўтказиш бўйича кейинги чоралар ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ушбу тадбирларнинг муваффақиятли ўтказилиши икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилиши икки томонлама инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қўшимча туртки беришига ишонч билдирдилар.
Учрашув якунида ўзаро муносабатларнинг кўриб чиқилган барча йўналишларида амалий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан навбатдаги тадбирлар келишиб олинди.
ЎзА