Муносабат

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш устувор йўналишга айланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига амалга оширган давлат ташрифини икки мамлакат муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққан тарихий воқеа сифатида эътироф этиш мумкин.
Хусусан, Президентимиз Исломобод шаҳрида Покистон томонидан юксак эҳтиром ва самимий муносабат билан кутиб олинди. Покистон Ҳарбий ҳаво кучлари қирувчи учоқларининг давлатимиз раҳбари самолётига ҳамроҳлик қилиши, “Нурхон” аэропортида фахрий қоровул саф тортиши ва икки давлат байроқларининг кўтарилиши ташрифнинг алоҳида сиёсий аҳамиятга эга эканини яққол намоён этди.
Давлат ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Покистон Президенти Асиф Али Зардорий, Бош вазир Шаҳбоз Шариф, шунингдек, Мудофаа кучлари Бош қўмондони – Қуролли Кучларнинг қуруқликдаги қўшинлар қўмондони, фельдмаршал Асим Мунир билан ўтказган музокаралари икки томонлама муносабатларнинг барча устувор йўналишларини қамраб олди.
Қолаверса, ташрифнинг энг муҳим воқеаларидан бири бу – Ўзбекистон – Покистон Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишидир. Ушбу тузилманинг ташкил этилиши муносабатларимиз институционал асосда ривожланиб бораётгани, келишувлар изчил амалий мазмун билан бойитилаётганини англатади.
Музокаралар чоғида сўнгги йилларда ўзаро алоқаларнинг жадаллашгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, ўзаро савдо ҳажми 500 миллион долларга яқинлашди, Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 230 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Авиақатновлар сони ортиб, банклараро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.
Икки томон яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни стратегик мақсад сифатида белгилаб олди. Бу мақсадга эришиш учун Имтиёзли савдо битими доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, фитосанитария рухсатномаларини соддалаштириш, Лаҳор ва Карачидаги Ўзбекистон савдо уйлари имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича аниқ қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, транспорт ва логистика масалалари ҳам диққат марказида бўлди. Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш, “Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий боғлиқликни кучайтиришда стратегик аҳамият касб этади.
Президентимиз ташриф доирасида “Глобал саноат ва мудофаа ечимлари” компанияси қароргоҳига ташриф буюриб, фельдмаршал Асим Мунир билан учрашув ўтказди. Учрашувда ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма ўқув машғулотлари, тажриба алмашиш ва мудофаа саноати корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Якунда, икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳужжат хавфсизликка оид замонавий таҳдидларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон – Покистон муносабатларида маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам алоҳида ўрин тутади. Исломобод шаҳридаги кўчалардан бирига Тошкент номи берилиши, шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталадиган боғ барпо этилиши халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик тарихий, маънавий ва маданий ришталарнинг ёрқин рамзи бўлди дейиш мумкин.
Жорий йилда Покистонда Ўзбекистон маданияти ҳафталиклари ва Ўзбекистон киноси кунларини ўтказиш, Лаҳор шаҳрида Бобурийлар меросига бағишланган қўшма маданият марказини ташкил этиш ташаббуслари ҳам икки халқ ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, Қўшма декларация ва ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи 30 га яқин икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Улар иқтисодиёт, савдо, қишлоқ хўжалиги, фан-таълим, рақамли технологиялар, экология, коррупцияга қарши курашиш, фавқулодда вазиятлар ва хавфсизлик соҳаларини қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Нишони Покистон” олий ордени билан тақдирланиши Ўзбекистон – Покистон муносабатларининг юксак ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланган стратегик даражага кўтарилганлигини намоён этса, Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унвонлари берилгани эса давлатимиз раҳбарининг таълим, фан ва инновация соҳаларидаги ислоҳотларига берилган юксак халқаро эътирофдир.
Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқди. Ушбу ташриф икки минтақа халқлари учун нафақат бугунги кун, балки узоқ истиқбол учун ҳам мустаҳкам сиёсий, иқтисодий ва маданий пойдевор яратади. Сабаби, эришилган келишувлар бевосита халқларимиз фаровонлиги, минтақавий барқарорлик ва тараққиётга хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА