French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон –Покистон: икки томонлама истиқболли ҳамкорлик
18:36 / 2022-02-08

Мамлакатимизда амалий ташрифда бўлган Покистон Ислом Республикаси Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар бошчилигидаги делегация 7-8 февраль кунлари Бухорода бўлди.

Мартабали меҳмонлар дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилди. Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёти, ислом дини ривожига қўшган улкан ҳиссаси, “Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган ғоянинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Меҳмонлар мажмуада сўнгги йилларда Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳамда зиёратчилар учун яратилган шароитлар билан таништирилди.

Панжоб губернатори Ўзбекистон буюк алломалар юрти эканини, халқимиз тарихи ва маънавиятига ҳурмати баландлигини таъкидлади. Меҳмонлар Арк қўрғони, Исмоил Сомоний мақбараси, Пойи калон мажмуаси каби муқаддас қадамжолар ва диққатга сазовор масканларини зиёрат қилди. Маҳаллий ҳунармандлар билан учрашув ва миллий маҳсулотлар намойиши меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Бухоро шаҳридаги собиқ “Бухоротекс” АЖнинг 2-йигирув тикув фабрикаси мажмуаси билан танишув ҳам меҳмонларда қизиқиш уйғотди. Ушбу объектнинг умумий майдони 21,5 гектар, қурилиш ости майдони 128 120 кв.(12,8 гектар)дан иборат. Ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун барча қулай коммуникация тармоқларига эга. Жумладан, объект ҳудудида мунтазам таъминланган электр энергияси, табиий газ, сув, канализация, темир йўл мавжуд. Мажмуа текстиль кластерини ташкил этиш учун ҳар томонлама қулай. Меҳмонларга мажмуанинг шу ва бошқа қулайликлари ҳақида маълумот берилди. Таъкидлаш жоиз, Покистон тўқимачилик фабрикалари Ассоциацияси (APTMA) раҳбари Гоҳар Эъжаз ушбу обьектда ўз лойиҳаси билан иштирок этиб, ҳамкорлик қилиш истагини билдирган. Шундан келиб чиқиб, бу ерда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳа тақдимоти ўтказилди.

2020 йилда Покистон Ислом Республикаси ҳамда Бухоро вилояти ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 1,5 миллион АҚШ долларни ташкил этган. Бунда экспорт ҳажми 755,2 минг АҚШ доллари ва импорт ҳажми 720,5 минг АҚШ долларига етган. 2021 йилда эса ташқи савдо айланмаси 3 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 50 фоизга ўсган. Шундан экспорт ҳажми 1,7 миллион АҚШ доллари ва импорт ҳажми 1,3 миллион АҚШ долларига етказилган.

Бухоро вилоятида 360 дан ортиқ хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Вилоят тадбиркорлари ва Покистон Ислом Республикаси компаниялари ҳамкорлигида турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида ҳозирда 3 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда. Келгусида ташқи савдо айланмаси ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 30 бараваргача ошириш кўзда тутилган. Шу куни вилоят ҳокимлигида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг истиқболлари муҳокама қилинди.

Вилоят раҳбари Ботир Зарипов Бухоронинг бугунги салоҳияти, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, туризм ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар, йирик лойиҳалар хусусида батафсил тўхталди.

Мулоқотда Покистонда кенг ривож топган енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим, электроника, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда йирик ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқларига эга ишбилармон доира вакиллари Фавад Мухтар, Гоҳар Эъжаз, Миан Талат, Анвар Ғани, Аббас Мухтар сингари сармоядорлар билан икки томонлама тенг манфаатли битимлар ва янги бизнес лойиҳалар муҳокама қилинди.

Мартабали меҳмон, Покистон Ислом Республикасининг Панжоб провинцияси губернатори Муҳаммад Сарвар самимий қабул ва меҳмондўстлик учун вилоят ҳокимига делегация номидан миннатдорлигини изҳор этди. Бу ташриф кенг кўламдаги бизнес ҳамкорлик учун муқаддима бўлишини таъкидлади.

[gallery-5681]

Мулоқотда вилоят ҳокими Ботир Зарипов покистонлик ишбилармон вакилларини Бухорода инвесторлар учун яратилган барча имтиёзлардан фойдаланган ҳолда пахта хом ашёсини чуқур қайта ишловчи енгил саноат корхоналари бўйича кластерлар ташкил этиш, текстиль ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, замонавий меҳмонхоналар қуриш, гастрономик ва экотуризм соҳаси субъектларини очиш, фармацевтика соҳасида лойиҳаларни ташкил этиш ҳамда эркин иқтисодий зоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш технологияларини ўрнатиш, замонавий ахборот технологиялари каби йўналишларда ҳамкорликка таклиф этди.

Бухоро вилоятида ҳар йили 97 минг 900 гектар ерда ўртача 350 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилади. Шундан 120 минг тоннадан зиёд пахта толаси ишлаб чиқарилади. Тўқимачилик корхоналари томонидан 90 фоиздан ортиқ пахта толаси қайта ишланади. Худди шундай вилоятда ҳар йили 1 миллион 400 мингдан ортиқ қорамол ва қоракўл териси етиштирилишини инобатга олиб, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига инвестиция киритиш мумкин.

Шунингдек, вилоятда 80 дан ортиқ графит, бентонит, мармар, гранит, гипс, олтингугурт, оҳак ва бошқа хом ашёга бой табиий ресурслар конлари аниқланган. Улардан фақатгина 15 тасидан ҳозирда фойдаланилаётганлигини инобатга олиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасига сармоя киритиш лозим.

Республикада қишлоқ хўжалигини, шунингдек, пахта ва ғалла етиштирувчи ташкилотлар ва бошқа истеъмолчиларни азотли, фосфорли, калийли ўғитлар билан етарли ҳажмда таъминлаш мақсадида импорт маҳсулоти ҳисобланмиш минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга.

Таълим йўналишида вилоятда математика фанига ихтисослаштирилган “Қоракўл халқаро математика мактаби” имкониятлари, қолаверса, вилоят ўғил-қизлари Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш бўйича биринчи ўриндалигини инобатга олиб, Бухорода Покистон инвестицияси асосида Лахор университети филиалини ташкил этиш ҳамда Панжоб ва Бухоро вилоятидаги олий ўқув юртлари ўртасида малака ошириш, стажировкалар, илмий-инновацион ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, талаба ва ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш тизимини ишлаб чиқиш муҳим.

Шунингдек, музокарада Бухоро вилоятида кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида кардиология тиббиёт шифохонасини ташкил этиш, “Bukhara City” мажмуаси қурилиши доирасида замонавий меҳмонхоналар қуриш, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказлар, туристик-рекреацион ҳудудларни барпо этиш, қолаверса, Бухоро шаҳри ва Лахор шаҳарлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш тўғрисидаги биродарлик муносабатларини ўрнатиш каби таклифлар билдирилди.

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ва Бухоронинг сайёҳлик салоҳияти, қадимий тарихи, маданий-мерос объектлари, зиёратгоҳларини тарғиб этиш, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича Покистон Ислом Республикаси билан яқин ҳамкорлик қилиш имкониятлари ўрганилди. Икки вилоят ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш, шу жумладан, Бухоро ҳамда Панжоб вилоятлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

2021 йилнинг 14 июль куни Покистоннинг енгил саноат ва текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғида йирик улушга эга ишбилармон, Покистон тўқимачилик фабрикалари Ассоциацияси (APTMA) раҳбари Гоҳар Эъжаз бошчилигидаги делегациянинг Бухорога ташрифи доирасида Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Покистон тўқимачилик фабрикалари Ассоциацияси (APTMA) ўртасида вилоятда йирик тўқимачилик кластерини ташкил этиш инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилган эди. Музокарада мазкур лойиҳа истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Покистоннинг “Ejaz Group” компанияси ўртасида вилоятда йирик тўқимачилик кластерини ташкил этиш инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш бўйича икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Панжоб губернатори маҳаллий тадбиркорлар ва хорижлик инвесторларга яратилган шароитлар икки вилоят тадбиркорлари ҳамкорлигини юқори босқичга олиб чиқиши учун етарли эканлигини алоҳида қайд этди. Ташрифнинг иккинчи кунида меҳмонлар “Бухоро Агрокластер” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан таништирилди. Шу ерда тўқимачилик мажмуасини ташкил этиш лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.

Панжоб вилояти делегациясининг Бухоро вилоятига амалий ташрифи якунига етди. Меҳмонлар Бухоро халқаро аэропортидан Самарқандга жўнаб кетди.

Зариф Комилов,

Тоҳиржон Истатов сурат