Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Покистоннинг "Juniper Global International LLC" компанияси раҳбари Абдул Мажид Жан билан учрашди.
Мулоқот давомида Покистон ҳудудида қорамолларни боқиш, халқаро ҳамда Ўзбекистон талаблари асосида сўйиш, гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш, шунингдек тайёр маҳсулотни Ўзбекистонга экспорт қилишга қаратилган лойиҳа юзасидан атрофлича музокаралар олиб борилди.

Лойиҳани амалга ошириш жараёнида логистика масалалари, етказиб бериш йўналишлари ва муддатлари, ветеринария-санитария талабларига риоя этиш, маҳсулот сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлаш механизмлари, шунингдек транспорт-логистика билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар мазкур йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйиш, аниқ таклиф ва ҳисоб-китобларни ишлаб чиқиш ҳамда лойиҳани амалий босқичга ўтказиш бўйича келишувга эришди.
Қайд этилишича, ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, импорт манбаларини диверсификация қилиш ҳамда икки давлат ўртасида агросаноат соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА