2026 йил 29 январь куни "Ўзбекистон - Покистон: ўзгариб бораётган дунёда стратегик шериклик, ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланиш" мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтади.
Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига бўлажак ташрифига бағишланган.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Исломобод минтақавий тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилади. Анжуманда икки мамлакатнинг давлат идоралари, етакчи таҳлилий марказлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этади.
Иштирокчилар Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигининг истиқболларини муҳокама қилишади. Тадбир давомида сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқалар ва саноат ҳамкорлигини кенгайтириш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, инсон капиталини шакллантириш соҳасидаги ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилади.
Икки томонлама шерикликка янги суръат бағишлайдиган ва мамлакатларимизнинг биргаликдаги тараққиёт салоҳиятини юзага чиқарадиган амалий таклифларни ишлаб чиқишга устувор аҳамият қаратилади. Тавсиялар бўлажак олий даражадаги музокараларга тайёргарлик кўриш ва уларнинг мазмунига салмоқли ҳисса қўшиши кутилмоқда.
ЎзА