French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистон почтаси”даги давлат улуши хусусийлаштирилишида очиқликка риоя этилганми?
16:44 / 2025-10-20

“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятидаги давлат улушининг хусусийлаштирилгани бўйича хабарлар тарқалди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур хусусийлаштириш жараёнларида очиқлик ва шаффофлик қандай таъминлангани юзасидан Давактив агентлигига  тақдимнома киритди.

Қайд этилишича, “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятидаги давлат улушининг хусусийлаштирилиши билан боғлиқ эълон қилинган материаллар асосида миллий почта алоқа операторидаги давлат улушининг хусусийлаштирилишига оид очиқланган маълумотлар ва соҳага оид қонунчилик талаблари ўрганилган.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари рўйхатига киритилган бўлиб, ташкилотнинг 29,4 фоиз давлат улуши оммавий савдоларга чиқариладиган акциялар пакети (улуши) рўйхатидан жой олган.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида давлат активларини хусусийлаштириш шаффофлик ва қонунийлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш, шунингдек, коррупцияга йўл қўймаслик каби принципларга асосланиши белгилаб қўйилган.

Хусусан, “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат органлари хусусийлаштирилаётган давлат мулки ҳақидаги маълумотлардан давлат ҳокимияти вa бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган усулларда эркин фойдаланиш имкониятини яратиши шарт.

Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатида Давлат активларини бошқариш агентлиги устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз вa ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари рўйхатини (давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда) Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириши ва ҳар чоракда янгилаб бориши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 октябрдаги 572-сон қарорига биноан давлат мулки объектлари тўғрисидаги ахборотларни порталга жойлаштирмасдан савдога чиқаришга йўл қўйилмайди.

Юқоридагиларга мувофиқ, Давактив агентлигига давлат активлари реализация қилинишида амалдаги қонунчилик талаблари, хусусан, хусусийлаштириш жараёнларида очиқлик ва шаффофлик принципларига қатъий риоя этилишини таъминлаш юзасидан тақдимнома киритилди.

Н.Абдураимова, ЎзА