Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон пахтасига 12 йиллик бойкотнинг бекор қилиниши ислоҳотлар самарасидир
10:43 / 2022-03-11

Пахта етиштириш шу соҳадаги олимлар, мутахассислар, қишлоқ хўжалиги ходимларидан мураккаб ва оғир меҳнатни, чуқур билим ва тажрибани талаб қилади.

Бугунги кунда юртимиздаги 122 та пахтачилик-тўқимачилик кластерларида, пахтачилик илмий марказлари ва институтларида пахтанинг янги серҳосил навларини яратиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, машинасозлик корхоналарида пахтага ишлов берадиган янги инновацион технологияларга асосланган техникалар, ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқарилмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган пахтачилик соҳасида ўндан зиёд илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

"Cotton Campaign" халқаро коалициясининг Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилиш тўғрисидаги қарори пахтачилик соҳасида амалга оширилаётган илмий изланишларнинг янада жадал ривожланишига катта турки бўлади.

Юртимизда пахта теримига вояга етмаган болаларнинг жалб қилинишига узил-кесил барҳам берилиши халқимизнинг неча ўн йиллик орзуси эди. Ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, бюджет ташкилотларидаги ходимларни пахта теримида мажбурий меҳнат қилишлари ҳам жамиятимиз иллатига айланганди. Болаларнинг, касби деҳқончиликдан йироқ бўлган мутахассисларнинг пахта далаларида ўтган даври уларнинг билим олишларига, етук мутахассис бўлиб етишишларига халақит берди. Саломатликларига путур етказди, демакки, инсон капиталининг ривожланишига тўсқинлик қилди.

Республикамиз ҳудудида пахтачиликнинг кенг миқёсда саноат асосида ривожланиши XIX асрнинг 60-70 йилларидан бошланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ғўза экин майдони бўйича (1,0-1,1 миллион гектар) дунё мамлакатлари орасида олтинчи ўринни, пахта толасини етиштириш бўйича бўйича (0,8-0,9 миллион тонна) бешинчи-олтинчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Маълумки, пахта хомашёси, ғўзанинг барглари, поялари, чаноқлари ва чигитидан 100 дан ортиқ маҳсулотлар тайёрланади. Экиндан чиқитсиз тўлиқ фойдаланилади. Жумладан, пахта инсонни кийинтиради. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат учун қимматли хомашёлар олинади ва саноатнинг бошқа кўплаб соҳалари тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, автомобилсозлик, самолётсозлик, мой-бўёқ, қоғоз ишлаб чиқариш, тиббиёт, қурилиш, мебель саноати ва бошқа соҳалар ривожида муҳим аҳамият касб этади.

12 йилдан ортиқ амал қилган бойкот бекор қилиниши Президентимиз бошчилигидаги ислоҳотларимиз мевасидир.



Иброҳим Абдураҳмонов,

Инновацион ривожланиш вазири, академик