Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон пахтачилиги: саъй-ҳаракатлар замирида катта мақсад бор
16:37 / 2022-10-13

Ҳозир юртимизда пахта йиғим-терими айни авж паллада. Аввалгидек бюджет ташкилоти ходимлари, хусусан, ўқитувчи ва шифокорлар пахта теримига олиб чиқилаётгани йўқ.

Олий ўқув юрти талабалари ҳам пахта далаларда эмас, ўқув аудиторияларида. Ҳамма ўз иши билан андармон. Пахта ҳосили эса қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари, фермер ва кластерлар томонидан йиғиштириб олиняпти.

Буни Янги Ўзбекистон ёшлари у қадар чуқур ҳис қилишмас, аммо бу кунлар қадрини ўз даврида янги ўқув йилини пахта даласида бошлаган катта авлод вакиллари жуда яхши билади. Ахир талабаларни пахта теримига чиқариш одатий ҳол ҳисобланарди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси туфайлигина бу амалиётга буткул барҳам берилди.

Ўшанда, яъни 2017 йилнинг 21 сентябрь куни талабалар ва ўқитувчиларни пахта далаларидан қайтариш бўйича буйруқни эшитганлар ҳанг-манг бўлиб қолганди. Айримлар буни «вақтинчалик кампания»га йўйди. Баъзи хорижий нашрлар эса ушбу ижобий ҳолатни олқишлаш ўрнига унга гўё хато хатти-ҳаракатдек тус беришга тиришди.

Мана, гувоҳи бўлиб турибмиз, бу инсон қад­рини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларнинг бошланиши экан.

Президентимиз «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳарририга берган интервьюсида пахтачиликда мажбурий меҳнат йўқ қилинишида клас­терлар ҳал қилувчи роль ўйнаганини алоҳида таъкидлаган эди: «Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион одам пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди. Мана, уч йилдан буён улар бу машаққатдан қутулди. Қанчалик қийин бўлмасин, бу соҳада биз бозор иқтисодиётининг синалган ва самарали усулларини, жумладан, кластер тизимини жорий этдик».

Чиндан ҳам, Президентимиз ғояси асосида ташкил этилган кластер тизими Ўзбекистон пахтачилик соҳасида туб бурилиш ясади. Эндиликда ушбу инновацион усул иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларида муваффақиятли татбиқ қилиниб, таъбир жоиз бўлса, уни ҳаракатлантирувчи «драйвер»га айланди.



ЖАҲОН БОЗОРИГА ҚЎЙИЛГАН ҒОВ ОЛИБ ТАШЛАНДИ

Сир эмас, тўқимачилик саноатимиз ривожига 2009 йилда ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот ғов бўлиб келди. Негаки, «Болалар меҳнати», «Аёлларни оғир ва хатарли меҳнатга жалб қилиш», «Мажбурий меҳнат» деган таъна-дашномлар жаҳон бозорига чиқишдаги йўлимизга тўғоноқ бўлди.

12 йил давомида амалда бўлган чекловни олиб ташлаш, таъбир жоиз бўлса, оқ пахтамизни «қора рўйхат»дан чиқариш осон бўлгани йўқ. Янги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришларни, айниқса, пахтачиликдаги
ижобий ўнгланишларни ҳазм қилиш, эътироф этиш силлиқ кечмади. Шу боис, бу борадаги халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат вазирлиги, шунингдек, “Cotton Campaign” коалицияси билан ҳамкорликда одам савдоси, мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва ишчилар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар муваффақиятли амалга оширилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда миллий қонунчилик такомиллаштирилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Аниқроғи, 2019-2021 йилларда 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилотининг қатор конвенция ҳамда баённомалари ратификация қилинди. Болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Шу тариқа пахта-тўқимачилик саноатининг бамисоли пешонасига босилган тамға олиб ташланди. 2022 йил 10 март куни “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор бўлгани расман эълон қилинди.

Айни пайтда пахта-тўқимачилик соҳасида нав­батдаги вазифа, яъни тармоқни максимал даражада механизациялаштириб, қўл меҳнатини минимумлаштириш устида иш олиб бориляпти. Энг асосийси, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай
кўриниши билан муросасиз курашилмоқда. Бунга йўл қўйган амалдорларга нисбатан кескин чоралар кўриляпти. 2019-2021 йиллар давомида пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 178 нафар мансабдор жавобгарликка тортилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида битта мақсад бор, у ҳам бўлса, ҳамма ўз иши билан шуғуллансин. Қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларининг оғирини енгил қилиш эса бундан кейин ҳам аграр соҳадаги ислоҳотларнинг устувор йўналиши бўлиб қолаверади.

Яқинда, аниқроғи, 2022 йилнинг 28 сентябрида АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотларни АҚШга олиб киришга қўйилган расмий чекловларни бекор қилди. Бу — мамлакатимиз эришган навбатдаги улкан ғалаба бўлди.



ЎЗБЕКИСТОН ПАХТАЧИЛИГИНИНГ КЕЛАЖАГИ

Иқтисодиётда кластер назарияси муҳим маркетинг стратегияси шаклида давлат ва унинг ҳудудларини саноатлаштириш, корхоналар рақобатдошлигини таъминловчи ғоя сифатида пайдо бўлган. Кластер сўзи ўзбек тилига ўгирилганда «боғлам», «гуруҳ», «тўплам» деган маъноларни билдиради. Ушбу усулнинг афзаллиги шундаки, қишлоқ хўжалиги саноатлашади, дала меҳнатчилари ва саноат ходимларининг манфаатлари муштараклашади, экспортга хомашё эмас, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар чиқарилади, энг муҳими, инновацион иқтисодиётга ўтиш жараёнлари тезлашади.

Пахта-тўқимачилик кластерлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, юртимизда илк бор 2017 йилда тажриба тариқасида Навоий вилоя­тининг Қизилтепа туманида кластер ташкил этилган эди. У дастлабки пайтлардаёқ устунлигини амалда намоён эта бошлади. Бу эса одамларнинг кластер ҳақидаги нотўғри шубҳа-гумонларини тарқатиб, янги ривожланиш моделига ишонч уйғотди. Пировардида, пахтачилик йўналишида кластерлар сони йил сайин кўпайиб борди. 2018 йилда 15 та, 2019 йилда 77 та, 2020 йилда 97 та, 2021 йилда 122 та ташкил этилиб, пахтачилик тўлиқ пахта-тўқимачилик кластери тизимига ўтилди. Бугунги кунга келиб эса республика бўйича 134 та пахта-тўқимачилик кластери 1034 миллион гектар ер майдонда самарали фаолият юритмоқда. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июндаги «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида тузилган Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси клас­тернинг энг яқин ҳамкори ва кўмакчисига айланган.

 

ХОРИЖНИНГ ИЛҒОР ТАЖРИБАЛАРИ ҚЎЛЛАНИЛМОҚДА

Республикамизда пахтачилик тармоғида тўлиқ кластер тизими жорий қилиниб, 2022 йил ҳосили учун 1 миллион 34 гектар майдонда ғўза парваришланди. Мавсум якунлари бўйича унинг гектаридан ўртача 37,8 центнердан ҳосил олиш режалаштирилган. 

Таҳлилларга қараганда, пахтачилик тармоғи тўлиқ кластерлаштирилгач, йиғилиб қолган муаммолар ечилиши баробарида, деҳқончилик маданияти юксалди. Замонавий техникалар сотиб олиниб, машина-трактор парклари моддий-техник базаси янгиланди. Кластерлар томонидан 5 мингдан ортиқ юқори унумли техникалар олиб келингани, сўнгги икки йилда юртимизда 169 минг гектар пахта майдонларида томчилаб суғориш жорий қилингани, интенсив ва инновацион агротехнологиялар қўлланилаётгани, пировардида, ҳосилдорлик йил сайин ошиб бораётгани шундай дейишимизга асос бўла олади.

Шу йилнинг ўтган даврида уюшма тизимида ўнлаб кластерлар АҚШ, Туркия, Хитой давлатларида бўлиб, ўзаро ­тажриба алмашиб қайтди.

Бу мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар тўғри амалга оширилаётгани, кластер аҳоли даромади ва фаровонлигини таъминлашда асосий кучга айланиб бораётганини кўрсатади.

 

БИР ЯРИМ ДОЛЛАРЛИК ХОМАШЁ ЙИГИРМА БЕШ ДОЛЛАРГА АЙЛАНАДИ

Ўзбек пахтасига янги бозорларнинг очилиши туфайли кластерларда тўлиқ саноат занжири яратилиши орқали экспорт кўрсаткичини 50 миллиард долларга етказиш учун реал имконият вужудга келмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси тизимида «Хомашёдан — тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида инвестиция лойи­ҳалари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мавжуд кластерларнинг 41 тасида пахтани қайта ишлашнинг бешта босқичи, 32 тасида тўртта босқич, 31 тасида учта босқич, 16 тасида 2 та босқич ва 14 тасида битта босқич қамраб олинган. Аммо устувор режага кўра, яқин келажакда барча кластерлар беш босқичли чуқур қайта ишлаш тизимига тўлиқ ўтади. Шу мақсадда 2022-2026 йилларда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 300 дан ортиқ инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши белгилаб олинган. Пировардида, хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича қўшимча қиймат занжири йўлга қўйилиб, 350 мингта янги иш ўринлари яратилади. Тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг умумий ҳажми эса икки баробар ошиши кутилмоқда.

Бунинг учун техник имконият ҳам, иқтисодий салоҳият ҳам етарли. Негаки, айни пайт­да мавжуд қувватлар ёрдамида 1 миллион 300 минг тонна толани қайта ишлаш мумкин. Мазкур даражага чиқишда кластерлар томонидан 350 га яқин йирик фабрика ишга туширилгани айни муддао бўлди. 

Шу мақсадда 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритаётган пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 141 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Унинг доирасида 14,3 триллион сўм ва 435,5 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Натижада 32 364 та янги иш ўрни яратилди.

2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида эса 148 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 13,7 триллион сўм ҳамда 443,3 минг доллар хорижий инвестиция жалб қилинди. Кластер корхоналари ўз маблағлари ҳисобидан 1,4 триллион сўмлик сармоя киритди. Шунинг ҳисобига фақатгина тўқимачилик саноати йўналишида 7 700 та янги иш ўрни яратилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ўртача 1,5 долларлик 1 килограмм пахта толасидан калава-ип йигирилса, унинг баҳоси 3,5 долларга, мато тўқилса, 5,5 долларга, ундан либослар тикилганда эса ўртача 15–25 долларгача қўшимча қийматга эга бўлади. Агар эркаклар кўйлаги тикиладиган бўлса, бу кўрсатки 50 долларга етади.

Қувонарлиси, эндиликда тайёр маҳсулотларимизни сотишга қийналмаймиз. Ўзбек тўқимачилик саноатчилари 331 та халқаро бренд ҳамда ритейлерлар буюртмасини қабул қилиш имкония­тига эга бўлди. Бу ўзбек пахта толаси ва у асосида тайёрланган табиий кийим-кечаклар дунё бозорларини забт эта олишидан нишонадир.



Саъдулла Тожиев,
Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, иқтисод фанлари номзоди