Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пеньянинг Ўзбекистонга амалга оширган илк расмий ташрифи ҳақида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов муносабат билдирди:
– Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – иқтисодий, сиёсий ва маданий-гуманитар соҳаларда янги ҳамкорлик векторларини шакллантириш, ривожланаётган ва муқобил бозорлар билан алоқаларни кенгайтириш.
Бу жараёнда Лотин Америкаси мамлакатлари, жумладан, Парагвай Республикаси билан икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш Ўзбекистон учун янги имкониятлар майдонини яратади. Зеро, ҳар икки давлат географик жиҳатдан узоқда жойлашган бўлса-да, уларни глобал бозор эҳтиёжлари, қишлоқ хўжалиги иxтисослашуви, энергетик ривожланиш модели ва халқаро ташкилотлардаги ўхшаш позициялар бир-бирига яқинлаштиради.
Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пеньянинг Ўзбекистонга амалга оширган илк расмий ташрифи икки мамлакат тарихида муҳим дипломатик воқеа бўлди.
Бу ташриф узоқ ҳудудларни боғловчи рамзий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистоннинг глобал ҳамкорлар географиясини кенгайтириш стратегиясида янги босқични белгилаб берди. Кўксарой қароргоҳида давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган музокаралар икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада юқори босқичга кўтариш учун кенг имкониятлар яратди.
Учрашувда савдо-иқтисодиёт, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Ўзаро савдони кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, рақамлаштириш, туризм ва спорт йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Парагвайнинг соя, гўшт ва маккажўхори бўйича дунёдаги йирик экспортчилардан бири экани Ўзбекистон учун озуқа базасини мустаҳкамлаш, фермер хўжаликларини юқори ҳосилли уруғлар билан таъминлаш ва чорвачиликда замонавий технологияларни жорий этишда катта аҳамият касб этади.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га қўшилиши доирасида бозорга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокараларнинг якунлангани ҳақидаги баённома ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашув механизмини йўлга қўйиш тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Бу эса, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграция жараёни тезлашганини, Парагвайнинг эса мамлакатимиз учун ЖСТ доирасида ишончли ҳамкорга айланганини намоён этади. Ушбу ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги мулоқотни тизимли ва узоқ муддатли йўналишга солишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ташриф Ўзбекистоннинг кенг қамровли ва прагматик ташқи сиёсати доирасида янги минтақалар билан ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилувчи муҳим дипломатик қадам бўлди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, кимё, рақамлаштириш, туризм ва спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар икки мамлакат учун ўзаро манфаатли истиқболларни очади.
Бугунги мулоқотлар мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг глобал интеграция сиёсатида Лотин Америкаси билан алоқаларни ривожлантиришнинг янги геосиёсий ва геоиқтисодий йўналишини шакллантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА