Жорий йилнинг 20 июнь куни пойтахтимизда Ўзбекистон ва Озарбайжон бизнес вакиллари иштирокида бўлиб ўтган бизнес-форум доирасида бир қатор келишув ва меморандумлар имзоланди.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг маълум қилишича, мазкур бизнес-форум икки мамлакатнинг қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Ушбу форумда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва Озарбайжон қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси билан икки давлат ўртасида қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, ҳамкорликда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича англашув меморандуми имзоланди, – деди Ж.Шерметов. – Мазкур ҳужжатга асосан ҳамкорликда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳам кўзда тутилган. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Инвестиция дастури ижросини таъминлашда муҳим омилдир.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бўйича хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокида умумий қиймати 495,7 миллион доллар бўлган 21 та лойиҳа бўйича жорий йилда 172,7 миллион доллар ўзлаштириш белгиланган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 21 та инвестиция лойиҳалари бўйича жами 275 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилди. Уюшма томонидан маҳсулотлар экспортига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Биринчи чоракда 109 миллион доллар миқдорида экспорт амалга оширилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА