Хива шаҳрида давом этаётган Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форумида Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева парламентлар ўртасидаги алоқалар кўлами кенгайиб бораётганига эътибор қаратди. Бу юқори даражада эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Парламент раҳбарларининг ўзаро учрашувлари мунтазам тус олди, – деди Т.Норбоева. – Аммо, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаган. Шу боис, ҳамкорлигимизнинг истиқболларини белгилаб олишимиз керак. Бизнингча, парламентлараро комиссия тузиш ҳамкорлигимиздаги янги босқич бўлади. Ушбу комиссия иқтисодий ва ижтимоий сиёсат, аёллар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экологик назорат соҳаларида қонунларни мувофиқлаштириш механизмларини яратади. Олий даражадаги келишувларни амалга оширишни парламент назорати орқали таъминлаш ва бу борада тегишли қўмита ва котибиятлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш мақсадга мувофиқ. Ҳудудий парламентлар (кенгашлар ва беледиялар) ўртасида тажриба алмашиш механизмини жорий этиш зарур.

Барқарор ривожланиш кун тартибини биргаликда илгари суриш керак. Бунда инклюзив ва сифатли таълим, гендер тенглиги, экологияни муҳофаза қилиш, “Яшил иқтисодиёт” ва барқарор энергетикага ўтиш жоиз.
Халқаро ва минтақавий парламент тузилмалари доирасидаги ҳамкорлик – ПИ, ТуркПА, ИҲТ, ЕХҲТ ПА ва МДҲ ПА каби тузилмаларда ҳамкорлик чуқурлаштирилади. Миллий манфаатларни ҳимоя қилишда мувофиқлаштирилган позициялар шакллантирилади.
Маданий-гуманитар тадбирлар кенгайтирилиб, ёшлар ва таълим алмашинуви, маданият, илм-фан, тарихий меросни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ҳамкорлик, маданий кунлар, кинофестиваллар ва кўргазмалар ташкил этилади.
– Бугунги тадбирда парламент аъзолари билан бирга котибият вакилларининг иштирок этаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу учрашув мунтазам тус олиши керак. Биринчи Ўзбекистон - Озарбайжон парламентлараро форуми – бу тарихий воқеа ва ўзаро шерикликнинг янги босқичи. Бу учрашув яқин дўстлик, стратегик иттифоқчилик асосидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонаман. Форум якунларида амалий таклифлар ишлаб чиқилади ва бу Хива декларациясида акс этади, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
Бекзодбек Саидов (сурат),
ЎзА