Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларига доир конференция ўтказилди
01:25 / 2023-05-27

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Озарбайжон Республикаси Диаспора билан ишлаш Давлат қўмитаси кўмагида “Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатларининг ривожланиш тарихи, янги даври ва ҳамкорлиги истиқболи” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Даставвал иштирокчилар университетда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази томонидан ташкил этилган Фузулий номидаги Маданият ва тадқиқот маркази билан танишди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов анжуманни очиб берар экан, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, биродарлик мавзусига тўхталиб, ушбу муносабатлар мамлакат раҳбарияти даражасида юксак қадрланишини таъкидлади, мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда диаспораларнинг давлат тузилмаларини қўллаб-қувватлаши муҳимлигини қайд этди.

Диаспора билан ишлаш Давлат қўмитаси раиси Фуад Муродов Озарбайжон ва Ўзбекистон дўстлиги абадийшиги, бу ҳамкорликнинг тамал тошини қўйганлардан бири айни кунларда таваллудининг 100 йиллиги нишонланаётган Умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев эканиниурғулади.

Ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда диаспоралар ва соҳага масъул давлат ташкилотларининг алоҳида ўрни, келажакда бу борада ҳали муҳим қадамлар қўйилиши зарурлиги айтилди.

Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов тарихи асрларга туташ бу дўстлик, қардошликнинг энг гўзал намунаси сифатида Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий каби буюк адибларимиз ҳаёти, фаолиятини мисол қилиб келтирди.

Зеро, тарихий синовлардан муваффақиятли ўтган Озарбайжон – Ўзбекистон дўстлиги ҳозирги давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати натижасида стратегик иттифоқчиликка айланган.

Мамлакатимиздаги Озарбайжон диаспораси етакчиси Мобил Маммедов, Ўзбекистон – Озарбайжон Дўстлик жамияти ижрочи директори Эркин Нуриддинов юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, жумладан, озарбайжонликлар учун барча шароит яратилганини билдириб, улар Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётганига эътибор қаратди.

Озарбайжон Миллий илмлар маркази Тарих институти ижрочи директори, доцент Илғор Нифталиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, профессор Бобохон Шариф, Маънавият ва маърифат маркази фаоли, профессор Жамила Шермуҳаммедова, фалсафа фанлари доктори Исмоил Хўжахонов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети доценти Тоҳир Қаҳҳор ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Гулбаҳор Ашурова икки давлат дўстлиги, қардошлиги тарихи ва истиқболи ҳақида сўзлаб, турли соҳалардаги ҳамкорликни мунтазам ривожлантириш муҳимлигини қайд этишди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА