Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Озарбайжон: дўстлик ришталаримиз янги босқичда юксалмоқда
15:51 / 2022-06-23

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг жорий йил 21-22-июнь кунлари Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи қардош халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг янги саҳифасини очиб берди.

Тили, маданияти, урф-одат ва анъаналари бир-бирига жуда яқин бўлган ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги алоқалар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Сўнгги пайтларда қардошимиз билан иқтисодий, маданий, таълим, фан, туризм ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада юксалтиришга қаратилаётган эътибор ҳам асрлар давомида синовдан ўтган дўстлик ришталарининг ёрқин ифодасидир.



Давлатларимиз раҳбарлари ўтказган музокаралар якунида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида”ги декларация муҳим тарихий аҳамият касб этади.

Президентларнинг оқилона сиёсати билан кейинги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали, шу жумладан, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланиб бораётгани эътиборга сазовордир. Хусусан, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида фаолият юритаётган Ҳайдар Алиев номидаги Маданият маркази мамлакатларимиз ўртасида маданият, ахборот, матбуот, таълим, адабий алоқалар, сайёҳлик каби соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган кўплаб тадбир ва лойиҳаларни амалга оширмоқда. Марказ маданият, адабиёт, кино кунлари, расмлар кўргазмалари, дўстлик концертлари, пазандалик фестиваллари, анжуманлар, машҳур шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар уюштириб, халқларимиз маданияти ва адабиёти ҳақидаги китоблар чоп этилмоқда.

Марказ ташаббуси билан таниқли санъаткорлар, фан ва маданият соҳаси вакиллари иштирокида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ўтказилаётган “Озарбайжон маданияти ва адабиёти” кунлари халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик, яқин биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бунга шу йилнинг 9 апрель куни Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган “Озарбайжон санъати ва маданияти” кунлари ҳам яққол далилдир.

Термиз давлат университетида Хуршидбону Нотавон номидаги маданият марказининг очилиши икки мамлакат маданият, илм-фан, санъат вакиллари ҳамда талаба-ёшларимиз учун ўзига хос байрамга айланди. Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида фаолият юритаётган Ҳайдар Алиев номидаги Маданият маркази университетимизда ташкил этилган янги маданият, маърифат масканига ўзбек ва озарбайжон тилларидаги китоблар, альбомлар туҳфа этди. Ҳар куни ёшлар билан гавжум бўлаётган мазкур марказ кутубхонасидан талабаларимиз унумли фойдаланиб, озарбайжон тили, маданияти ва санъатини мукаммал ўрганишга интилмоқда. Қардошларимизнинг қадрият ва урф-одатлари билан яқиндан танишаётир.

Озарбайжон Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи бизнинг қардошларимиз билан алоқаларимизни янада юксалтиришнинг янги йўлларини белгилаб берди. Жумладан, Хуршидбону Нотавон номидаги маданият маркази ўзаро ҳамкорликда китоблар чоп этиш, талабаларга озарбайжон тили курсларини ташкил қилиш, талабалар алмашинуви дастурлари орқали Озарбайжон университетларида, озарбайжонлик талаба-ёшларнинг Термиз давлат университетида тажриба оширишини режалаштириб олдик.

Шу маънода тарихий ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги азалий ўзаро дўстлик, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга, тили ва маданияти ўхшаш, қадриятлари ҳамда дини муштарак халқларимизнинг ҳамкорлик алоқаларини янги босқичда бойитишга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Обид Шофиев,
Термиз давлат университети ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича биринчи проректор.

ЎзА