Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Озарбайжон: Бухородаги бизнес-форумда 12,2 миллион АҚШ долларлик англашув шартнома ва меморандумлар имзоланди
17:20 / 2022-09-07

Бухорода Ўзбекистон ва Озарбайжон бизнес-форуми ташкил этилди. Форум вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Анжуманда бухоролик 100 дан ортиқ йирик тадбиркорлик субъектлари билан бирга Озарбайжоннинг “Founder Club” уюшмасига аъзо, тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига дахлдор 20 дан ортиқ компаниялари вакиллари қатнашди.

Тадбирда Озарбайжоннинг “Founder Club” уюшмаси раҳбари Руслан Демиров икки мамлакат тадбиркорлари, шунингдек, турли соҳаларда тадбиркорликни ривожлантириш ва уларнинг салоҳиятини юксалтириш борасида тажриба алмашиш ҳамда долзарб муаммоларни муҳокама қилиш учун қулай майдонга айланган ушбу форумнинг аҳамияти, долзарблиги ҳақида сўз юритди.

Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатлар юқори даражада ривожланаётганини ҳамда уни изчил мустаҳкамлашга икки мамлакат ҳукуматлари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳияти кўп жиҳатдан ишга солинмагани ҳамда бу ҳолат мазкур йўналишдаги икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш учун шарт-шароитлар яратаётгани қайд этилди. Шунингдек, уюшма раҳбари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласида кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди.

Бизнес-форум дастури доирасида ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилиш учун “B2B” шаклидаги панел сессиялари ўтказилди. Форум якунида қиймати 12,2 миллион АҚШ долларлик англашув шартнома ва меморандумлар имзоланди. Шундан 6,2 миллион АҚШ долларлик савдо шартномалари ҳамда 6 миллион АҚШ долларлик инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Меҳмонлар Бухоронинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди.

Зариф Комилов, ЎзА