Муносабат
Мазкур ҳафтада кенг жамоатчилик ҳамда халқаро даражадаги ташкилот ва экспертлар нигоҳи Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар ривожига қаратилди, десак янглишмаймиз. Сабаби, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши якунида давлат раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Шунингдек, Боку шаҳрида "Ўзбекистон" боғига тамал тоши қўйилди, мамлакатимизнинг Боку шаҳридаги элчихонаси янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, Президентимиз бугун Хонкенди шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитида иштирок этади ва қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Қайд этиш жоиз, мазкур ташриф икки қардош халқ ўртасидаги муносабатлар тарихида навбатдаги муҳим босқичга айланди. Ўтказилган музокаралар ва имзоланган келишувлар нафақат икки томонлама алоқаларни, балки минтақадаги сиёсий, иқтисодий ва маданий жараёнларнинг йўналишини белгилашда ҳам муҳим омил саналади.

Эътиборли жиҳати, ушбу учрашув жорий йилда икки дўст ўлка ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари “Муносабатларимиз тарихда ҳеч қачон бугунгидек юксак даражада бўлмаган” деб таъкидлар экан, бу гаплар сўнгги йиллардаги яқинлашув ва муштарак мақсадларнинг амалий тасдиғи сифатида янгради.
Шунингдек, Озарбайжон Ўзбекистоннинг ишончли иттифоқчиси ва стратегик шериги экани таъкидланди. Бизнинг мақсадларимиз, қарашларимиз ва интилишларимиз ўхшаш. Халқларимизни азалдан қардошлигимиз ва ўзаро ишончимиз асосини ташкил этаётган тарих, қадриятлар, тил ва маданият боғлаб турибди.
Шу мақсадда 2025–2029 йилларда Иттифоқчилик муносабатларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди. Бу ҳужжат икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларни узвий ва самарали бошқаришнинг дастурий асосидир.
Бундан ташқари, кема қурилишидан то таълимгача бўлган турли соҳалардаги 10 дан ортиқ ҳукуматлараро келишувлар имзоланди. Улар орасида саноат кооперацияси дастури, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминотидаги амалий ҳаракатлар режаси ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорлик дастури каби келишувлар бор.
Мамлакат етакчилари иштирокида бўлиб ўтган музокараларда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланди. Албатта, ушбу кўрсаткичга эриши учун нафақат хоҳиш балки имкониятларимиз ҳам етарли. Хусусан, 2024 йилда савдо ҳажми 25 фоизга ошган, 300 га яқин қўшма корхона ташкил этилган, инвестиция лойиҳалари портфели 4 миллиард долларга етказилган.
Маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, юқори технологиялар алмашинуви, туркий давлатлар бозорида рақобатбардош маҳсулот етиштириш каби мақсадлар икки давлат ишбилармонлари олдида улкан имкониятлар очади.
Ташриф доирасидаги яна бир муҳим янгилик: Президентлар транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратдилар. Бугунги кунда мамлакатларимизни боғлайдиган ва бошқа стратегик йўналишларга чиқиш имконини берадиган “Ўрта йўлак” фаол ривожланаётгани таъкидланди. Хусусан, баҳордан бошлаб ушбу йўлакда электрон рухсатномалар ишга туширилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон юкларини ташиш ҳажми 25 фоизга ошди. Уларнинг йиллик ҳажми бир миллион тоннадан ортди.
“Ўрта йўлак” Марказий Осиё, Кавказ ва Европани боғловчи асосий магистрал ҳисобланади. Ушбу йўлакнинг фаоллашуви фақат Ўзбекистон ва Озарбайжон эмас, балки Грузия, Туркия ва Хитой давлатлари ҳам манфаатдор бўлган минтақавий интеграцияни мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича “яшил лойиҳа” бўйича келишув ҳам тарихий аҳамиятга эга. Бу лойиҳа энергетик хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Қолаверса, Боку шаҳридаги “Ўзбекистон” боғи бу нафақат архитектура ёдгорлиги, балки дўстлик ва биродарлик рамзи сифатида аҳамиятга эга. Маданий алмашинувлар, талабалар, ректорлар, бахшичилар фестивали, парламентлараро форумлар буларнинг барчаси халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг Озарбайжонга қилган ташрифи ўзаро муносабатларда янги даврни бошлаб берди. Бу ташрифнинг аҳамияти шундаки у фақат икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамламайди, балки бутун Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида барқарор, прагматик ва узоқни кўзлаган ҳамкорликни юзага келтиради. Иттифоқчилик муносабатлари, қўшма саноат ва энергетика лойиҳалари, умумий маданий қадриятларга таянган сиёсат, буларнинг барчаси нафақат бугунги, балки эртанги тинч, фаровон ва тараққий этган минтақамиз учун хизмат қилади.
Шу боис, ташриф доирасида эришилган эзгу мақсадларнинг ҳаётимизга тўлақонли тадбиқ этилиши бевосита икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро муносабатлар ривожига ҳам боғлиқ. Бу эса парламент аъзоларидан ҳарқачонгиданда фаолроқ бўлишни талаб этади.
Мавлуда Адҳамжонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА