Боку шаҳрида “Ўзбекистон – Озарбайжон алоқалари фото ҳужжатларда” китоб-альбоми"нинг тақдимоти ва “Ўзбекистон ва Озарбайжон икки қардош халқ” мавзуидаги архив ҳужжатлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов, Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов, Озарбайжон Миллий архив бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Кўргазмада Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ҳамда Озарбайжон Миллий архиви сақловида мавжуд бўлган 1930-2023 йиллар мобайнидаги даврни ўз ичига олган икки давлатнинг маданий-гуманитар муносабатларига оид 50 дан ортиқ архив фото ҳужжатлар ва уларнинг илмий-маълумот тавсифлари тақдим этилди.
Унда Ўзбекистон вакилларининг Озарбайжон давлатига ҳамда Озарбайжон вакилларининг юртимизга ташрифи, иқтисодиёт, илм-фан, маданият соҳаларидаги ҳамкорлик, икки халқларнинг адабиёт ва санъат кунлари акс этган ҳужжатлар ташриф буюрувчиларда алоҳида таассурот қолдирди.

Кўргазмадан сўнг “Ўзбекистон – Озарбайжон алоқалари фото ҳужжатларда” китоб-альбоми” тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, “Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов бошчилигидаги делегация Озарбайжон Республикасидаги Озарбайжон Тарих давлат архиви, Озарбайжон Кино-фото ҳужжатлари давлат архиви, Озарбайжон Адабиёт ва санъат давлат архиви, Озарбайжон Республикаси давлат архиви, Озарбайжон Фан ва техника давлат архиви, Озарбайжон Овоз ёзувлари давлат архивларига ташриф буюрди.


Гулноза Бобоева, ЎзА