Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида дастлаб Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг 22-23 август кунлари юртимизга давлат ташрифининг аҳамияти тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстона муносабатларни ривожлантиришда тарихий воқеа бўлди. Ўзбекистон – Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама алоқалар жадал ривожланмоқда. Парламентлар, ҳукуматлар, тармоқ идоралари ва ҳудудлари ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилган. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Форум ва кўргазмалар, кўплаб маданий тадбирлар ташкил этилмоқда. Бизнес доиралар ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.
Давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган бизнес форуми алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, унда умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ истиқболли лойиҳалар шакллантирилди. Бу энергетика, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишлардаги кооперация лойиҳаларидир.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартнома имзоланди.
– Ушбу ҳужжат тили, дини, тарихи бир бўлган давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги саҳифа очиши билан бирга туркий давлатлар доирасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров.
Шунингдек, йиғилишда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА