Дунёда рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий, геосиёсий жараёнлар барча мамлакатларга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Халқаро жараёнлар ва давлатлар ўртасидаги муносабатларни кузатарканмиз, халқаро майдондаги ноаниқликлар ҳамда мамлакатлар ўртасидаги ишончнинг йўқолиш шароитида давлатлар ўртасида доимий мулоқот учун эҳтиёж мавжуд эканини намоён қилмоқда.
Мана шундай конструктив мулоқот учун Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) саммити халқаро сиёсий-дипломатик майдон вазифасини ўтамоқда. Мазкур тузилма Осиё қитъасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатлар ва халқлар фаровонлигини оширишга қаратилган халқаро форумдир.
Ўзбекистон ҳам хорижий мамлакатлар билан муносабатларда икки ва кўп тарафлама, шунингдек, халқаро институционал тузилмалар доирасида фаол иштирок этиб келмоқда. Ўз навбатида, қайд этиш керакки, 1999 йил сентябрь ойида Кенгашга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Олма-отада бўлиб ўтган биринчи учрашувидан сўнг ОҲИЧК расман «мулоқот учун форум» сифатида фаолият кўрсата бошлаган.
Ўзбекистон 2002 йил 4 июнь куни ОҲИЧКнинг асосий ҳужжати – Олма-ота актини имзолаган. Бугунги қадар ОҲИЧКга аъзо давлатлар раҳбарларининг 5 та саммити бўлиб ўтганини қайд этиш зарур. Улар Қозоғистон (2002 ва 2006 йиллар), Туркия (2010 йил), Хитой (2014 йил) ва Тожикистонда (2019 йил) ташкил этилган.
Жорий йилнинг 12-13 октябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган ОҲИЧК 6-саммитида Президентимиз бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Унда 50 га яқин кенгашга аъзо мамлакатлар ва кузатувчилар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар делегациялари қатнашди. Мазкур саммитда Марказий Осиё ва минтақа мамлакатлари раҳбарларининг иштирок этиши, ташкилот фаолияти доирасидаги лойиҳалар, келишувларнинг ҳолати ва истиқболлари, геосиёсий масалаларни юзма-юз учрашиб, муҳокама қилиш ва уларнинг ечимлари бўйича чораларни ишлаб чиқиш, фикр алмашиш имконини берди.
ОҲИЧК доирасида Ўзбекистон минтақавий ва халқаро миқёсдаги хавф ва таҳдидларни ҳал этишга қаратилган фаол позицияни намоён қилмоқда. Маълумки, ОҲИЧКнинг 5-саммити 2019 йил 15 июнь куни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ушбу анжуманда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилган. Хусусан, Ўзбекистонга таълим соҳалари ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчиси ролини беришни таклиф қилган. 2020 йил ноябрь ойидан эътиборан Ўзбекистонга инсоний ўлчовдаги ишонч чоралари бўйича мувофиқлаштирувчилик роли юкланган.
Остона шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда давлатимиз раҳбари минтақа хавфсизлиги, ёш авлодни радикализмдан асраш, транспорт-логистика, рақамлаштириш, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, экология ва иқлим ўзгаришларига оид қатор муҳим ташаббуслар илгари суриб, ўз фикр-мулоҳазалари ва позициясини билдирди. Президентимиз илгари сурган ташаббусларни кенг жамоатчилик, хорижий ва маҳаллий олимлар, экспертлар катта қизиқиш билан қабул қилди.
Дарҳақиқат, юзага келаётган таҳдидлар фақатгина очиқ, конструктив мулоқот, ўзаро ҳурмат, барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш орқали умумий фаровонликни таъминлаш мумкинлигини исботламоқда.
Мухтасар айтганда, ОҲИЧКга аъзо давлатлар ўртасидаги кейинги яқин мулоқотлар, шубҳасиз, Осиё минтақасида савдо-иқтисодий, инновацион ва технологик ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Анваржон МИРКОМИЛОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти