Истанбул шаҳри Баҳчелиевлар туманида Маҳаллий ҳокимлик томонидан Туркия ошпазлар ва шеф-ошпазлар федерацияси (TAsFed) кўмагида 22-Халқаро гастрономия фестивали ташкил этилди.
Тўрт кун давом этган анжуман доирасида 26 давлатдан келган 1500 нафар талаба томонидан тайёрланган маҳсулотлар жами 120 кишилик халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Тадбирда ёш ошпазларга ҳам ўз маҳоратини намойиш этиш имкони берилдли. Меҳмонларга бутун дунё ошхоналарининг сара таомлари тақдим этилди. Якунда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон ошпазлари Истанбул гастрономия фестивалининг доимий ва фаол иштирокчилари ҳисобланади. Мамлакатимиз вакиллари мазкур анжуманда кучли жамоа билан қатнашиши яхши анъанага айланган. Таркиб, одатга кўра, уста ошпазлар ва ёшлар тоифасидан ўрин оладиган талабалардан иборат бўлади.
Жамоамиз муваффақиятида Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раиси, халқаро тоифадаги ҳакам Акбар Умаров ва устоз-шеф Озод Одиловнинг хизмати беқиёс. Бу гал вакилларимиз Гран-При йўналишида 2-ўринни эгаллади. Умуман, жамоа 13 медаль билан уйга қайтмоқда – 12 олтин, 1 кумуш.

Айниқса, ёш ошпазларимиз, икки дугона Сафиялар – Тоҳирова ва Ҳамидованинг иштироки ҳайъат аъзоларида ёрқин таасурот қолдирди.
Сафия Ҳамидова бир неча йўналишда мукофотга сазовор бўлди. JP1 – “Junior Pastа” мусобақасида унинг хамирни қўлда тайёрлаб, ўзига хос аралашма билан тақдим этиш маҳорати 100 баллик тизимда энг юқори баҳоланди. Шунингдек, қизимиз фестивалнинг “Энг маҳоратли ёш шеф-ошпази” (“The Most Talented Young Chef”) номинациясида кучли кучликка кирди. Жаҳон ошпазлар жамияти (WACS) томонидан тасдиқланган бу медаллар халқаро даражадаги “Master Chef” мақомига йўл очади. Қолаверса, Ҳамидованинг иш жараёнида тозаликка алоҳида эътибор бериши, ўзига хос техника намойиш этиши ва вақтни тўғри тақсимлаб, юқори самарадорликка эришиши ҳам тажрибали ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди.

Сафия Тоҳирова эса JP2 – “Junior Fish” тоифасида балиқдан турли таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат кўрсатиб, ҳакамларни ҳайратда қолдирди ва олтин медалга сазовор бўлди. Одатда бундай мусобақаларда сибас ёки дорада турларидан фойдаланилади. Бу гал эса моҳир ўзбек ошпаз қизи денгиз балиғини ўзига хос усулда пишириб, нозик гарнир ва муаллифлик соуси билан тақдим қилди.
Натижада барча ҳакамлар егулик тайёрланиши даражаси, ишлатилган масаллиқларнинг ўзаро мослиги ва энг муҳими, табиий таъм сақлаб қолинганини эътироф этиб, Сафияга энг юқори бал қўйишди. Табиийки, Тоҳирова ҳам олтин медаль ва халқаро диплом топширилди.

Дарвоқе, бу йўналиш гастрономия соҳасидаги энг қийин йўналишлардан бири ҳисобланади. Зеро, балиқ билан ишлашда вақт ва ҳароратни тўғри назорат қилиш жуда муҳим.
Нoдирa Kaйимoвa,
ЎзА (Tуркия)