Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида икки кун давом этган “Ўзбекистон ўқув марказлари форуми” ўз ишини якунлади.
Форум доирасида ўқув марказлари фаолиятини такомиллаштириш, таълим сифати ва қамровини оширишга қаратилган муҳокамалар ўтказилди.
Кун давомида ўқув марказлари раҳбарлари ва соҳа вакиллари иштирокида очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Унда ҳудудлардан ташриф буюрган иштирокчилар мавжуд масалалар юзасидан амалий таклифларини билдириб, келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари бўйича ташаббусларни илгари сурдилар.

Шунингдек, форум доирасида бир қатор лойиҳаларнинг тақдимотлари ўтказилди.
Хусусан, “Mutolaa”, “Topcoach”, “Qizlar akademiyasi”, “Uzchess”, “Ustoz AI”, “Zehnly AI”, “Ko‘mak”, “Biz-kombinator” каби лойиҳалар иштирокчиларга тақдим этилди.
Форумда таълим имкониятларини кенгайтиришга қаратилган муҳим янгиликлар ҳам эълон қилинди.
Жумладан, хорижий тилларни ўрганишни рағбатлантирувчи “2+6” дастури ишга туширилди.
Тадбирда қайд этилганидек, дастлабки босқичда ўқув марказлари 2plus6.uz сайти орқали рўйхатдан ўтади. Рўйхат тасдиқлангач, ёшлар “Yondaz” иловасии орқали ариза топшириш имкониятига эга бўлади.

Жами 6 (2020-2025) йил ичида IELTS имтиҳонидан 5,5 (Б2 даража) ва ундан юқори балл олган ёшлар сони 245,7 минг нафарни ташкил этди.
Шунингдек, 8,5–9 балл (C2 даража) олган ёшлар сони эса 2020-йилга нисбатан 47 бараварга ошган. Хусусан, 9 балл натижани қўлга киритган ёшлар 68 нафарга етган.
Бугунги кунга қадар халқаро имтиҳон тизимларидан юқори балл тўплаган 56 354 нафар ёшнинг 111,2 млрд сўм имтиҳон топшириш билан боғлиқ харажатлари тўлиқ қоплаб берилган.

2022 йилда фаолият юритган 12 840 та таълим субекти сони 2025-йилга келиб 38 465 тага етди. Хусусан, ўқув марказлари 6314 та, якка тартибдаги тадбиркорлар 2129 та, ўзини-ўзи банд қилган репетиторлар 30022 тани ташкил этмоқда.
Бу кўрсаткичлар таълим субектларининг сўнгги уч йилда 3 баравар ошганлигини кўрсатади.
Ушбу марказлар томонидан 72 минг иш ўрини яратилиб, таҳсил олувчи ёшлар сони 1 миллион нафардан ошди.
Бундан ташқари, чекка ҳудудларда ўқув марказлари тармоғини кенгайтиришга қаратилган “Кўмак” лойиҳаси доирасидаги имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, олис ва чекка ҳудудларда ўқув маркази очишни режалаштирган 52 нафар ёшнинг ҳар бирига 130 миллион сўмгача бўлган фоизсиз ссуда ваучерлари топширилди.
Мазкур ташаббуслар ёшлар учун сифатли таълим имкониятларини кенгайтириб, “2+6” дастури орқали минглаб, келгусида эса 100 минглаб ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиши учун давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилишига хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА