“Дипломатик ракурс” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо бинт Жабр Носир Ал-Бусаидий хоним.
– Ассалому алайкум! Сиз билан суҳбатлашиб турганимдан ғоят мамнунман. Хорижлик дипломатнинг юртимиз ҳақидаги мулоҳазалари ўқувчиларимизни қизиқтириши табиий. Сизга Ўзбекистон ёқдими?
– Бу саволга кўп дуч келаман. Ҳар сафар Ўзбекистон ҳақидаги таассуротим ҳақида сўрашганда, жўшқинлик билан жавоб бераман.
Ўзбекистон – қуёшли, тарихан буюк инсонлар яшаб ўтган, Буюк ипак йўлидаги ажойиб, бетакрор, минглаб асрлик анъана ва маданиятга эга ўлка.
Юртингиздаги тарихий обидалар, маданий ёдгорликлар, шойи-ипак матолар-у, ўзига хос меъморчилик намуналари, ҳунармандлар томонидан яратилган бебаҳо санъат асарларига сайёҳлар эътибори кун сайин ортаётгани сир эмас.
Айниқса, азалий меҳмондўст халқнинг илтифоти мени доим ҳайратлантиради.
– Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги муносабатларга тўхталсангиз.
– Ўмон Султонлиги ва Ўзбекистон Республикаси алоқалари тарих каби қадимий. Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий аруз илмидан баҳс юритилган, туркий тилда яратилган “Мезон ул-авзон” асарида ўмонлик олим, аруз илми асосчиси Халил бин Аҳмад Ал-Фараҳидийни алқаб, у ҳақда илиқ фикрлар билдирган.
Янги даврга келсак, Ўмон Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил декабрда тан олди ва 1992 йил 22 апрелда икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилди. Ўзаро муносабатимиз доимий ўсиш ва ривожланиш суръати билан ажралиб туради. Ҳамкорлик пойдеворини марҳум Султон Қобус бин Саид ва марҳум Президент Ислом Каримов 2009 йил октябрь ойида Султонликка амалга оширилган расмий ташриф чоғида қўйишган.
Ўмон Султонлиги ва Ўзбекистон Республикаси шериклиги икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч тамойили, терроризм, экстремизм, қурол ва гиёҳванд моддалар тарқалишига қарши позиция, инсон ҳуқуқи, атроф-муҳит мусаффолиги каби халқаро миқёсдаги долзарб масалалар бўйича қарашлар мувофиқлигига асосланган.
2010 йил апрель ойида юртингизда Ўмон Султонлиги элчихонаси очилгандан кейин мамлакатларимиз турли соҳалардаги муносабатни мустаҳкамлашга жиддий киришди. Айниқса, кейинги йилларда бу ҳаракат янада жадаллашди.
– Ўмон Султонлиги сармоясини Ўзбекистонга жалб этиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ижобий янгиликларни баҳам кўрсангиз?
– Бу йўлда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, 2009 йил Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти янги биносини қуришга ҳисса қўшиш учун марҳум Султон Қобус бин Саиднинг махсус буйруғи чиққан. Бу давлатимиз раҳбарининг дин, фиқҳ, тарих, астрономия, математика ва бошқа илмлар ривожига хизмат қилган, диёрингиздан етишиб чиққан олимларга ҳурмат ва эътибор рамзи эди. 2018 йил март ойида ушбу институт янги биноси очилиш маросимида иштирок этган Ўмон делегациясига Олий ҳазрат Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид раҳбарлик қилди.
2010 йил ташкил этилган, бугунги кунда инвестиция фонди активи 230 миллион доллардан ошган йирик молиявий тузилма – “UzOman Capital” Ўзбекистондаги 19 компанияга сармоя киритди. Ушбу корхона 2016-2017 йиллар давомида мамлакат иқтисодиётига 200 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирди. 2019 йилга келиб, республикада кўчмас мулк, инвестиция, консалтинг ва капитал бозори бўлимларини очди. Дарвоқе, “UzOman Capital” 2020 йил инвестиция компаниялари орасида активларни бошқариш бўйича энг илғор жамоа сифатида тан олинди.
Ушбу тузилма ёрдами билан Ўзбекистонда энг йирик босмахона ва қадоқлаш корхоналаридан бири ташкил этилди. Марказий Осиёда йирик металл конструкция учун биринчи ва ягона иссиқ галванизациялаш заводи очилди. Мамлакатдаги энг йирик темир-бетон буюмлари ишлаб чиқариш заводи қурилди. Юқори сифатли мева ва сабзавотни тайёрлаш ва қайта ишлаш фабрикаси ишга туширилди. Тошкент аэропорти янги биноси, бутун мамлакат темир йўллари учун мўлжалланган майда тош (шағал) ишлаб чиқариш бўйича етакчи заводлардан бири қурила бошланди.
Ўзбекистонда ташкил этилган илк молия ва лизинг компанияси орқали “UzOman” компанияси эндиликда кичик битимларни молиялаштирмоқда.
Ўмон Султонлиги Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясида 2019 йил 21 октябрь куни муштарак қадриятларни, мамлакатлар, маданиятлар, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва тинч-тотув яшашни тарғиб қилиш, нафрат ва муросасизликни рад этиш мақсадида “Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик: Ўмон Ислом рисоласи” номли кўргазма уюштирди.
2022 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон султонлиги ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 4-йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди.
Икки мамлакат тегишли вазирлик, идоралари раҳбарлари иштирок этган тадбир кун тартибига инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-технологик ҳамкорлик, шунингдек туризм, транспорт, инсон ресурслари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаларида икки томонлама муносабатни янада чуқурлаштириш масалалари киритилди.
– Ўзбекистон ва Ўмон ҳамкорлиги истиқболини қандай тасаввур қиляпсиз?
– Маскат Тошкент таклиф этаётган дўстона ташаббусларни қизғин қўллаб-қувватлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги оқилона сиёсатни қатъий маъқуллаймиз. Ўмон Султонлиги икки дўст мамлакат, халқ тараққиёт ва юксалишга эришиши йўлида самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини мудом таъкидлайди.
Мамлакатимиз Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид раҳбарлигида “Ўмон нигоҳи-2040” дастури асосида иқтисодий рақобатбардошлик ва ижтимоий фаровонликни ошириш, мукаммал таълим тизимига таянган маърифатли жамият барпо этишга интилмоқда. Шунингдек, тараққиёт стратегиясида углерод мувозанатини ўрнатиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, табиий бойликлардан самарали фойдаланиш талаблари ўртасида мувофиқликка эришиш ҳам кўзда тутилган.
Ўмон Султонлигининг дунё давлатлари томонидан чизилган тимсоли моҳиятан тинчлик ғояси билан йўғрилган. Давлатимиз ҳақида гапирадиган ҳар ким, хоҳ юқори мартабали сиёсатчи, хоҳ мутафаккир, зиёли, журналист, ҳатто оддий одам бўлсин, мамлакат руҳий қиёфасини кўз олдига келтиради. Бу мамлакатимизнинг халқлар ўртасидаги тинчлик, тотувлик мақсадига хизмат қиладиган бағрикенглик ва ўзаро келишув ҳақиқатига асосланган, баландпарвоз таърифдан холи, холис халқаро эътирофдир.
“Ўзбекистон-2030” стратегияси беш устувор йўналишида белгиланган 100 мақсад ҳам, худди шундай, фуқаролик жамиятни ривожлантириш, иқтисодий тараққиётга эришиш, таълим, суд тизимини яхшилашни қамраб олган. Шу маънода “Ўмон нигоҳи-2040” ва “Ўзбекистон-2030” стратегиялари ўртасида умумий жиҳат кўп. Икки давлат раҳбарлари кўрсатмаси, ўзаро эътибори асосида халқларимиз фаровонлигини ошириш мақсадига йўналтирилган алоқа мустаҳкамланаётгани қувонарли. Муштарак манфаат ўлароқ, қишлоқ хўжалиги, саноат, маърифат, таълим каби соҳаларда шериклик даражаси юксалаётганини алоҳида қайд этган бўлардим.
Султонликдаги илмий муассаса, ўқув юрти ва марказлар билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки томонлама тажриба алмашиш мақсадида ўзбекистонлик илмий ходимлар араб тилини мукаммал ўрганиши учун талабалар сафарларини ташкил этиш, меморандумлар имзолаш мавзуси ҳам кун тартибидан жой олган.
Бу ислоҳотларни йўлга қўйишда мендан аввал фаолият олиб борган элчиларимиз Муҳаммад Саид Ал-Лавотий ва Аҳмад бин Саид бин Умар Ал-Касирий тамал тошини қўйган.
– Нуфузли давлат оммавий ахборот воситалари қатори Ўмон ахборот агентлиги – ONA янгиликларини ЎзА сайтида мунтазам эълон қилиб борамиз. Ниятимиз – келажакда ONA ва мамлакатингизнинг бошқа ОАВ билан ҳамкорлик риштасини боғлаб, тажриба алмашиш, ўзаро сафар уюштириш. Элчихона жамоаси бу борадаги режаларга қандай қарайди?
Шундай ришталарни боғлаш элчихонамизнинг ҳам асосий мақсадларидан бири саналади. Икки давлат ўртасида барча соҳада ҳамкорлик қилиш учун кенг имконият яратишга ҳаракат қиламиз. Хусусан, “ONA” ҳамда ЎзА ўртасида битим имзолаш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида журналистлар хизмат сафарини ташкил қилишга ҳисса қўшишдан мамнун бўламиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gYDCrgwiBes" title="Oʻzbekiston – Oʻmon: Tinchlik gʻoyasi bilan toʻyingan rishta" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаррама Пирматова, Дониёр Ёқубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА