Географик жиҳатдан денгиз йўлидан айри Ўзбекистон учун араб давлатлари билан ҳамкорлик қилиш Марказий Осиёда транзит, транспорт ва коммуникация тармоғини барпо этишда муҳим роль ўйнайди.
“Халқаро шарҳ” лойиҳасининг бу галги сонида Арабистон ярим ороли жануби-шарқий қисмида жойлашган Ўмон султонлиги ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболи ҳақида гаплашамиз. Суҳбатдошим – “Times of Oman” газетаси Халқаро алоқалар бўйича махсус мухбири Ашок Пуроҳит.
- Хайрли кеч, жаноб Aшок! Даставвал томошабинларимизга мамлакатингизнинг тарихи ва маданияти, давлат бошқаруви тузуми, афсонавий шаҳарлари ва маҳаллий халқнинг бугунги яшаш турмуш тарзи ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
- Аввало, ўзбек халқига ўзимнинг самимий саломимни етказмоқчиман. Албатта, мамлакатларимизни умумий маданият, дин, анъана ва маънавий қадриятлар бирлаштириб туриши кишини қувонтиради. Ўмон султонлигининг дунё давлатлари томонидан чизилган руҳий қиёфаси, моҳиятан, тинчлик ғоясига йўғрилган. Ўмон ҳақида гапирилганда, хоҳ юқори мартабали сиёсатчи, хоҳ мутафаккир, зиёли, журналист ёки оддий одам бўлсин, шундай манзарани кўз олдига келтиради.
Қадим тарихга эга Ўмон султонлигининг соҳил қисми V-VI асрларда Aҳамонийлар хукмронлиги остида эди. VII аср ўрталарида араб халифалиги таркибига кирган мамлакатда ислом дини кенг тарқалди. Ҳудуд аҳолиси бир муддат португаллар ва инглизлар мустамлакаси остида ҳам яшаган. 1970 йил охирида Масқат султонининг ўғли Қобус бин Сайд Масқат султонлиги билан Ўмон имомлигини бирлаштириб, Ўмон султонлиги тузилганини эълон қилади. Мамлакат жануби-ғарбидаги Дофар вилоятида милоднинг дастлабки асрларида равнақ топган Aл Балид, Рубат, Таки шаҳарлари, Хоррори порти харобалари сақланиб қолган.

Замонавий Ўмонда Шўро ва Давлат кенгашларидан иборат Ўмон Кенгаши маслаҳат органи мавжуд, ижрочи ҳокимият вазифасини султон ва ҳукумат амалга оширади. Иқлими тропик, ҳудудининг катта қисми чўл. Ер остидан нефть, табиий газ, мис, хром, марганец, қўрғошин, олтин ва кумуш қазиб олинади.
Aҳолисининг 90 фоиздан кўпроғи ўмонлик араблар, қолгани балужлар, форслар, Ҳиндистон ва Покистондан, Aфрика давлатларидан келганлар. Қарийб 5 миллионга яқин киши истиқомат қиладиган Ўмоннинг Масқат, Салала, Сур, Матраҳ каби шаҳарларидан хорижлик сайёҳларнинг қадами узилмайди.
Айни пайт султон Ҳайсам бин Ториқ раҳбарлигида “Ўмон нигоҳи-2040” дастури асосида иқтисодий рақобатбардошлик ва ижтимоий фаровонликни ошириш, мукаммал таълим тизимига таянган маърифатли жамият барпо этишга интилиб келмоқдамиз.
- Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида 1992 йил 22 апрельда дипломатик муносабат ўрнатилган. Масқат шаҳрида Ўзбекистон, Тошкентда Ўмон элчихонаси фаолият олиб бормоқда. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий алоқани фаоллаштириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, инвестиция жалб этиш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича самарали ишлар қилинмоқда. Шу хусусда фикрларингиз қандай?
- Биласизми, Араб мамлакатлари Марказий Осиё учун Ўрта Ер, Қизил ва Араб денгизлари, Сувайш канали ва Форс кўрфази орқали жаҳон бозорига чиқиш йўлидаги транзит вазифасини ўтайди.
2016 йил 23 апрель куни Эрон Ислом Републикаси, Ўмон султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида халқаро транспорт ва транзит йўлаги яратиш тўғрисидаги Битим кучга кирган. Ҳозир мазкур Aшхобод шартномаси доирасида “Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон – Ҳиндистон” субминтақавий транспорт йўлаги шакллантирилмоқда. Бу саъй-ҳаракат Марказий Осиё мамлакатлари ва Форс кўрфази портлари орқали товарларни узлуксиз ташиш, транзит учун ишончли транспорт йўлаги яратишга йўналтирилган.
Ҳамкорлигимиз доирасида умумий қиймати, қарийб, 200 миллион долларга тенг инвестиция лойиҳасини амалга ошираётган “UzOman Capital” инвестиция компанияси фаолияти эътиборга лойиқ. 2020 йил декабрь ойида Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Султон Қобус университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, ўзаро муносабат йўлга қўйилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UKHwqBFhgXY" title="Ўзбекистон – Ўмон: ноёб занжирнинг 31 ҳалқаси" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатни алоҳида таъкидламоқчиман. Нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар чуқур эътироф этганидек, янги даврда халқ фаровонлигини юксалтиришга йўналтирилган дадил ислоҳотлар амалга оширилди ва ошириб келинмоқда. Икки дўст мамлакат тараққиёт ва юксалиш сари самарали ҳамкорликни давом эттиришига ишонамиз.
- Спорт соҳасида ҳам мамлакатларимиз ўртасида алоқалар мавжуд. Хусусан, яқин ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон ва Ўмон султонлиги Миллий олимпия қўмиталари ҳамда От спорти ва йилқичилик федерациялари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланган бўлиб, бу йўлда изчил иш олиб борилмоқда. Бу борада нима дея оласиз?
- Бугунги кунда ҳар қандай мамлакатнинг дунё саҳнасига чиқишида спорт муҳим аҳамиятга эга. Кейинги йилларда спортда қўлга киритилган юқори натижалар туфайли Ўзбекистон халқаро рейтингда ўзига хос мавқега кўтарилиб олди. Айниқса, шахмат, бокс ва ёшлар футболида эришилаётган ғалабалар таҳсинга лойиқ.
Юқорида таъкидлаб ўтганингиздек, Ўзбекистон ва Ўмон султонлиги МОҚлари ўртасида 2021 йил 26 март куни ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ушбу ҳужжат бугунги кунда спортчи ва ҳакамлар маҳоратини ошириш, тажриба алмашиш, ихтисослашган олий таълим муассасалари ўртасида турли дастурларни амалга оширишда асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Умуман, Ўмон Ўзбекистон билан спорт соҳасидаги ҳамкорлик кўламини янада фаоллаштириш тарафдори. Қўшимча сифатида айтишим мумкинки, нефть ва газ, кимё, энергетика ва электротехника саноати, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, туристик алмашинув дастурларини биргаликда йўлга қўйиш, йўловчи ва юк оқимини кенгайтириш, ОАВ соҳаси бўйича маданий алмашинувни кучайтириш учун имкониятларимиз бисёр.
- Қисқа ва мазмунли мулоқот учун ташаккур, жаноб Aшок. Ўйлайманки, суҳбатимиз кўпчилик учун фойдали бўлади. Сизни ЎзA жамоаси билан бевосита учрашувларда ҳам кутиб қоламиз. Саломат бўлинг!
Ўткир АЛИМОВ суҳбатлашди.
ЎзА