Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги иқтисодий алоқалар янги мазмун касб этиб, савдо, логистика ва инвестиция йўналишларида стратегик ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Марказий Осиё ва Форс кўрфази минтақаларини боғловчи ушбу шериклик нафақат товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, балки транспорт йўлакларини кенгайтириш, қўшма саноат лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда капитал оқимини жадаллаштириш орқали минтақалараро иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.
Қайд этиш керакки, диёримизнинг очиқ иқтисодиётга ўтиш сиёсати ва Ўмоннинг глобал инвестиция маркази сифатидаги салоҳияти икки ўлка ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқадиган муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда, дейиш мумкин.
Таҳлилчи Шаҳзода Остонова фикрича, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, экспорт географиясини кенгайтириш ва ташқи савдони диверсификация қилиш сиёсати Ўмон Султонлиги билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш учун янги имкониятларни юзага чиқармоқда.
Бугунги кунда юртимиздан Ўмон бозорига асосан, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Хусусан, пахта толаси, ип-калава, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари, шунингдек қуритилган мевалар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб барқарор равишда ортиб бормоқда. Экспорт таркибида тўқимачилик маҳсулотлари 30-35 фоиз, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари эса 25-30 фоиз улушни эгаллайди. Бу эса Ўзбекистоннинг анъанавий экспорт йўналишлари Ўмон бозорида ҳам рақобатбардош эканини кўрсатади.

Ўмон эса республикамизга асосан кимё саноати маҳсулотлари, нефть-кимё хомашёси ва турли саноат материаллари етказиб бермоқда. Мазкур маҳсулотлар икки давлат ўртасидаги савдо айланмасининг 15-20 фоизини ташкил этади. Шу тариқа иқтисодий алоқалар аста-секин диверсификация қилиниб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида мунтазам равишда расмий учрашувлар, бизнес форумлар ва тадбиркорлар мулоқотлари ташкил этилмоқда. Хусусан, 2025 йил август ойида Маскат шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Ўмон савдо, саноат ва инвестицияларни рағбатлантириш вазири Қайс бин Муҳаммад Ал-Юсуф ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув давомида савдо ҳажмини кўпайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Ўмоннинг йирик инвестиция тузилмаси —“Oman Investment Authority” раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказди. Музокараларда саноат ишлаб чиқариши, молия сектори, озиқ-овқат саноати, туризм ва хизмат кўрсатиш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўмон капиталини Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига жалб этиш ҳамда қўшма корхоналар ташкил этиш масалаларида ҳам ўзаро келишувларга эришилди.
Ҳамкорликни ривожлантиришда бизнес доиралари ўртасидаги мулоқот ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, Ўзбекистон – Ўмон бизнес форумида 50 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этиб, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, туризм ҳамда саноат ишлаб чиқариши йўналишларида янги лойиҳаларни муҳокама қилди. Форум доирасида ўтказилган B2B учрашувлари натижасида қатор савдо келишувлари ва истиқболли шартномалар бўйича музокаралар олиб борилди.
Экспертлар фикрича, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шериклик ҳали тўлиқ салоҳиятини намоён этгани йўқ. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси сифатида Ўмон бозорига турли маҳсулотларни етказиб бериш имкониятига эга. Ўмон эса Форс кўрфази ҳудудидаги муҳим молиявий ва инвестиция марказларидан бири сифатида юртимиз иқтисодиётига капитал жалб қилишда муҳим ҳамкор бўлиши мумкин.
Умуман олганда, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ҳозирча ривожланиш босқичида бўлсада, мавжуд иқтисодий имкониятлар ва ўзаро манфаатлар ушбу шерикликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Савдо ҳажмини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳамда бизнес ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик келгусида янада барқарор ва самарали тус олиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА