Польша Республикасининг Варшава шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) томонидан инсонийлик мезонларига бағишланган анъанавий “WarsawHuman Dimension Conference 2025” халқаро конференцияси ўз ишини бошлади.
Тадбир ЕХҲТ доирасидаги энг йирик инсон ҳуқуқлари форуми бўлиб, унда ташкилотга аъзо 57 давлат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси, шунингдек, ЕХҲТнинг институтлари, миллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этмоқда.
Конференцияда инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, сўз эркинлиги, гендер тенглиги ва қийноқларнинг олдини олиш масалалари юзасидан фикр алмашиш, миллий институтлар фаолиятидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Конференциянинг “Қонун устуворлиги: қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш” мавзусидаги 4-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова маъруза қилди.
Мамлакатимиз қийноққа қарши ўзининг мустаҳкам позициясига эга эканлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ тузилган жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда пенитенциар муассасаларга ўтказилаётган мониторинг ташрифларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур сессияда ЕХҲТ иштирокчи давлатлари ва миллий инсон ҳуқуқлари институтлари қийноқларнинг олдини олиш, миллий превентив механизмлар самарадорлигини ошириш, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Айтиб ўтиш керакки, Варшава конференцияси инсон ҳуқуқлари соҳасида давлатлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги мулоқотни самарали ташкил этиш, миллий тажрибаларни таққослаш ва халқаро стандартларни самарали жорий этиш учун муҳим минбар ҳисобланади.
Н.Абдураимова, ЎзА