Марказий банк маълумотига кўра, мамлакатимизнинг халқаро захиралари 1 декабрь ҳолатига 61,23 миллиард долларга етди. Бу 2013 йилдан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Ноябрь ойида захиралар 1,9 миллиард долларга (+3,2%) ошган, йил бошидан эса умумий ўсиш 20 миллиард доллар (+48,7%)ни ташкил этди.
Жаҳон бозорида олтин нархи бир унция учун 4013,2 доллардан 4159,4 долларга (+3,6%) қимматлади. Бу ўзгариш захираларга тахминан 1,8 миллиард доллар қўшимча қиймат қўшди. Олтиннинг физик ҳажми ҳам ноябрда 9,64 тоннага ошиб, 380,4 тоннага етди.
Олтин захираларининг умумий қиймати 50,86 миллиард долларга етиб, барча захираларнинг 83 фоизини ташкил этмоқда.
Захираларнинг валюта қисми 1,1 миллиард долларга камайиб, 9,8 миллиард долларни ташкил этди. Қимматли қоғозлар портфели эса 503,3 миллион долларга ошиб, 1,53 миллиард долларга етди.
Марказий банкнинг маълум қилишича, халқаро захиралар миллий валюта барқарорлиги, ташқи қарзлар бўйича мажбуриятлар, импортни таъминлаш ва ташқи иқтисодий хатарларга қарши муҳим ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА