Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳоннинг бир қанча ривожланган мамлакатлари билан нафақат иқтисодий, балки таълим соҳасида ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Масалан, Ўзбекистонда Хитойнинг “Huawei“ компанияси идораси 1999 йилда очилган бўлиб, бугунги кунда ушбу компаниянинг 170 дан ортиқ мамлакат ва минтақаларда офислари мавжуд.
Мазкур ташкилот дунёда ахборот-коммуникация инфратузилмаси ечимлари ва интеллектуал қурилмаларни етказиб берувчи бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазири биринчи ўринбосари Комилжон Каримов “Huawei“ компаниясининг Пекин шаҳридаги бош офиси ва кўргазма марказига ташриф буюриб, ”Huawei Uzbekistan“ компанияси бош директори Чен Сзякай билан учрашди.
Учрашувда таълим соҳасини рақамлаштиришнинг аҳамияти ва Ўзбекистонда АКТ соҳаси учун кадрлар тайёрлашни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, дейилади Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотида.
Музокаралар натижасида Ўзбекистон олийгоҳларида АКТ академияларини ташкил этиш, мавжудларини ривожлантириш бугунги замон талаби экани қайд этилди. Мазкур академия орқали соҳага қизиқувчи иқтидорли ёшларни ўқитиш ва уларга сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, «5G“, ”Big data“, ”Cloud computing“ ва шу каби ахборот технологиялари йўналишларида халқаро миқёсда тан олинадиган сертификатлар бериш кўзда тутилади.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда юртимиз олий таълим муассасаларида 8 та шундай академия фаолият юритмоқда, 2024 йил давомида уларнинг сонини 15 тага етказиш орқали камида 300 та талабани ўқитиш имконияти яратилади.
Шунингдек, АКТ соҳасидаги профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ҳам долзарб масалалардан бўлиб, жорий йилда камида 15 та академия мураббийларини тайёрлаш режалаштирилди. ОТМнинг АКТ соҳасига масъул раҳбарлар учун (“Chief Digital officer”) эса тренинг дастурларини ташкил қилиш орқали соҳадаги энг илғор технологиялар ва ечимлар билан таништириш имконияти яратилади.
Компания томонидан ўтказиладиган АКТ “Competition“ танловида ўзбекистонлик талабалар иштирокини таъминлашга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик ёшлар иштирокида ҳар йили бўлиб ўтадиган “Seeds for Future” дастурини ташкил этишга келишилди. Ушбу дастур орқали талабалар учун компаниянинг бош офис ва филиалларида, ишлаб чиқариш комплексларида стажировка ўташлари мумкин бўлади.
Учрашув сўнгида юқоридаги келишувларни амалга ошириш бўйича Англашув меморандуми имзоланди.
М.Мадаминова, ЎзА