English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – очиқлик ва тараққиёт йўлидаги ишончли ҳамкор
19:19 / 2025-09-08

Муносабат

Ўзбекистон глобаллашув жараёнида тараққиёт мезонларини яратиш ва мустаҳкамлаш бўйича асосли ташаббусларни илгари сурмоқда. Бу, халқаро майдонда ўз сўзини айта олиш билан бирга, стратегик салоҳиятни талаб этувчи жараёндир. Экспертлар бундай ташаббусларни она замин фаровонлиги ва инсоният келажагининг гарови сифатида баҳоламоқда.

Маълумки, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкам ривожланиб бормоқда. Бу, табиийки, икки давлат етакчиларининг ўзаро ишончи ва сиёсий иродаси самарасидир. 

Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез хоним ҳам юртимиздаги ислоҳотларга ўз муносабатини билдирди.

– Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бормоқда. Мамлакат таклифлар борасида ҳаракатлантирувчи илғор куч сифатида намоён бўлиб, глобал муаммолар – иқлим ўзгариши ёки минтақавий хавфсизлик масалалари бўладими – уларга аниқ ёндашув таклиф қилади, – деди Орелия Бушез хоним. – Ўзбекистон ҳамма учрашишдан хурсанд бўладиган мамлакат. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳақли равишда инқилобий ўзгаришлар деб аташ мумкин.

Давлат раҳбари узоқни кўра билиб, икки устувор йўналиш – очиқлик ва ислоҳотни мамлакат тараққиёти учун асосий йўналиш сифатида белгилади. Муҳими, ушбу стратегия изчил ва тизимли амалга оширилмоқда. Бу машаққатли ва узоқ муддатли жараён бўлса-да, унинг самаралари аллақачон кўриниб турибди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги ислоҳотлари ҳам бизда катта таассурот қолдирмоқда. Бу жараён мамлакат иқтисодиётини либераллаштиришга хизмат қилмоқда ва халқаро стандартларга мослашиш йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда. Шунингдек, маданий меросни асраб-авайлаш ва соҳада кадрлар тайёрлаш йўналишидаги ҳамкорлигимиздан мамнунмиз.

2022 йилда Лувр ва Араб дунёси институтида Ўзбекистонга оид кўргазмаларнинг очилиши француз жамияти учун ҳам унутилмас воқеа бўлди.

Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратганини ҳам қайд этиш лозим. Мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади, бу эса катта устунликдир. Президент таълимни устувор вазифа сифатида белгилаб, шундай деган эди: “Таълим, таълим ва таълим! Нажот – таълимда”. Бу сифатли таълим орқали ёшларни келажакка тайёрлаш, инсон капиталини ривожлантириш ва уларни замонавий дунё талабларига мослаштириш демакдир.

Чет тилларини билиш ўзбекистонлик талабаларга халқаро академик алмашинув дастурларида фаол иштирок этиш имконини беради. Франция ҳам бундан мамнун ва кўпроқ ўзбекистонлик ёшларни қабул қилишга тайёр. Шу боис Ўзбекистон – Франция университетининг очилиши муҳим қадам бўлди.

Икки давлат етакчилари ўртасидаги самимий муносабатлар ҳамкорликка мустаҳкам асос яратмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифлари чоғида бу ишонч ва илиқ муносабатлар яққол намоён бўлди. Франция Президенти томонидан Шавкат Мирзиёевнинг “Фахрий легион“ ордени билан тақдирланиши дўстлик ва ҳурмат рамзи сифатида тарихда қолади.

Яқинда эса Ўзбекистон Президентининг шахсан ўзлари менга “Дўстлик” орденини топширди. Бу эътибор ва ишонч учун миннатдорман.

ЎзА мухбири 

Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.