Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU), Фанлар академияси ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда олимлар, мутахассислар ва қатор давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори Баҳром Абдуҳалимов ва бошқалар ушбу «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» лойиҳасининг татбиқ этилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз маданий-тарихий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштиришга қаратилган ташаббусининг ёрқин натижаси эканини таъкидлади.
Қайд этилганидек, «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» лойиҳаси мамлакатимиз тарихий обидаларида ёзилган қадимий битикларни ўрганишга қаратилган. Бугунги кунга қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига бағишланган ўзбек, рус, араб ва инглиз тилларидаги 20 та кўп тилли китоб-альбомлар нашр этилди. Лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг ташкилий ва молиявий кўмагида WOSCU томонидан шерик ташкилотчилар билан ҳамкорликда бошланган.
[gallery-16841]
Тадбирда тарих фанлари доктори Бахтиёр Бобожонов лойиҳа жараёнидаги ўрганишлар ҳақида тақдимот қилди.
– Изланишларимиз давомида мингдан ортиқ ҳунарманд, меъмор, рассом, хаттот ва шоирларнинг номларини аниқлашимиз мумкинлиги хаёлимизга ҳам келмаган эди. Биз бунёдкорлар ва саховатпеша ҳомийларнинг исм-шарифларини, кўп ҳолларда ёдгорликларни ким ва нима учун барпо этганини аниқлашга муваффақ бўлдик. Бу китоблар ортидан хориждан фақат ижобий фикрларни эшитяпмиз ва тадқиқотларимиз маҳсулига талаб юқори бўлишига ишонамиз. Нашрлар орасида Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри меъморий ёдгорликларидаги эпиграфик битикларга бағишланган китоб-альбомлар, Самарқанд меъморий тарихий мажмуалари – Регистон ва Шоҳизиндага бағишланган альбомлар бор, – деди Б.Бобожонов.
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминовнинг сўзига кўра, ушбу нашр этилган китоблар туфайли юртимиз обидаларидаги тарихий битикларнинг мазмун-моҳиятини англаш имконияти пайдо бўлди.
– Ҳар бир вилоятнинг ёдгорликларига бағишланган альбомларнинг нашр этилиши тарихимиз ва меросимизни англашда янги уфқларни очадиган чинакам эзгу ишдир. Энди бизда аждодларимиз томонидан қолдирилган тарихий номаларни тушунишга ёрдам берадиган ажойиб нашрлар мавжуд. Ишончим комилки, бу китоблар ҳар бир ёшнинг ўз маданият илдизларига яқинлашиши ва билимини бойитишига ёрдам беради. Уларда аждодларимиз бизга қолдирган мерос билан фахрланиш туйғусини уйғотади, – деди О.Иминов.
Айтиш жоизки, мазкур лойиҳа натижасида юртимизнинг 2000 дан ортиқ меъморий ёдгорликларидаги ёзувлар таржима қилинди. Мутахассислар эпиграфик материалларнинг улкан миқдорини топиб, ўрганиб, маъносини чақибгина қолмай, туркий, араб ва форс тилларидаги битикларнинг дастлабки ўқилиши ва таржималарини ҳам тўғрилаб, бойитди.
– Лойиҳанинг ижодий жамоаси номидан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббусини амалга ошира олганимиздан хурсандмиз, – деди WOSCU бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Лойиҳани ташкилий ва молиявий қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирамиз ва китобларнинг 20 жилди мамлакатимиздаги ҳар бир таълим муассасасига топширилади. Ушбу кенг кўламли тадқиқотда иштирок этган барча олимларга ташаккур изҳор этамиз. Уларнинг меҳнати, изланишлари туфайли Ўзбекистон тарихида биринчи марта барча ёдгорликлардаги битикларни ўқишга эришилди. Таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу лойиҳанинг ўхшаши йўқ ва у Янги Ўзбекистонда маданий меросни асраб-авайлаш ва юксалтириш масалаларига ёндашувни ёрқин намоён этади.
Тадбирда «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» ҳужжатли фильми намойиш этилди. Шунингдек, унда 100 дан ортиқ ташкилот вакилларига «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумидаги 20 жилдлик китоб-альбомларни бепул олиш учун сертификатлар тантанали топширилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА