Яқинда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумидаги китоб-альбомлар нашр этилди.
Ушбу ташкилот мутахассиси Рустам Жабборов «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумидаги китоб-альбомларнинг яратилиш жараёнлари ҳақида тўхталиб ўтди:
– Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти 450 нафардан ортиқ олимни бирлаштириб, ҳар йили давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар, ижтимоий масъулиятли тадбиркорлик субъектлари кўмагида «Ўзбекистон маданий мероси» ва «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумидаги китоб-альбомларни нашр этади. Шунингдек, маданий тадбирлар ва медиа-ивентларни ўтказади.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Фирдавс Абдухолиқов мазкур йирик лойиҳанинг муаллифидир.
Қувонарлиси, биз учун буюк аждодларимиз томонидан яратилган ўрта аср меъморчилигининг ажойиб намуналари сақланиб қолган. Маҳобатли биноларнинг қадимий деворларига эса нафис хаттотлик ёзувлари билан безаклар берилган. Буюк аждодларимиз уларда қандай ҳикматни мужассамлаштиргани ҳақидаги савол кўпчиликни қизиқтирса керак? Ватанимиз тарихида илк бор «Ўзбекистоннинг обидаларидаги битиклар» туркумидаги китобларни ўқиш орқали ўзимиз учун бу сир-синоатларни очишнинг ноёб имкониятига эга бўлдик.
«Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркум китоб-альбомларини нашр этиш бўйича лойиҳа 2010 йилда старт олган. У мамлакатимиз тарихий обидаларида ёзилган қадимий битикларни ўрганишга қаратилган. Қайд этиш жоизки, ислом оламининг ҳеч бир давлатида тарихий обидаларидаги битикларни тўлиқ ўқиш ва олинган маълумотларни эълон қилиш бўйича бундай даражада кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмаган.
Узоқ ўтмишдаги аждодлар битикларини ўрганиш бўйича кўп йиллик тинимсиз меҳнат натижасида ўзбек, рус, араб ва инглиз тилида нашр этилган «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумининг 20 жилди дунё юзини кўрди. Улар орасидан Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар меъморий ёдгорликларидаги битикларга бағишланган китоб-альбомлар ҳамда Самарқанд меъморий тарихий мажмуалари – Регистон ва Шоҳизиндага бағишланган альбомлар ўрин олган.
Ўзбекистон бўйлаб тадқиқ этилмаган битикларни ўрганиш ва тадқиқ қилиш ишларини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, олимлар Бахтиёр Бобожонов, Комилжон Раҳимов, Бобур Аминов, Салимахон Файзиева, хаттот Абдулғафур Раззоқов, Максет Карлибаев, Комилжон Худойберганов, Абдулатиф Турдиалиев, Абдурашид Абдуллаев, Елизавета Некрасова ва бошқалардан иборат ижодий гуруҳ олиб бормоқда. Улар томонидан Ўзбекистоннинг 1500 дан ортиқ ёдгорликлардаги битиклар таржима қилинди. Улар орасида шеърлар ва насрий шеърлар, ўгитлар, эзгу тилаклар ва ҳикматли сўзлар, уста ва хаттотларнинг исмлари, диний ва маърифий ёзувлар, тарихий воқеалар хронограммаси ва ҳукмдорларнинг фармонлари бор.
Мутахассислар нафақат битикларнинг жуда катта ҳажмини топди, ўрганди, балки туркий, араб ва форс тилларидаги ёзувларнинг аввал ўқиб чиқилган нусхалари ва таржималарини тузатди ҳамда бойитди. Ушбу туркумнинг ҳар бир жилди ўқувчига Марказий Осиёнинг шон-шуҳратини ҳис қилиш имконини беради. Альбомга кирган битикларнинг аксарияти илк бор ўқиб чиқилди ва Ўзбекистон меъморий ёдгорликлари тарихини тиклаш учун фойдаланилди. Араб тилидаги матнларда асосан Қуръондаги оят ва суралар, ҳадислар, турли дуо шакллари берилган. Масалан, Бухоро меъморий ёдгорликларида асосан мачит ва мадрасалардаги ёзувлар сақланиб қолган. Улар турли материаллардан (терракота, фаянс, ганч, ёғоч, мармар), турли хил дастхатлар, жумладан, кўфий, сулс ва насх услубларида бажарилган. Терракотанинг энг қадимий ёзувлари XII аср бошларидаги биноларни безаган. Форс ва эски ўзбек тилидаги матнлар – бу кўпинча шеърлар, хронограммалар, бағишлов ёзувлардир.
«Бу заминни безаган ва осмон яқинлашган бинодир. Ва у кўкка бўй чўзган. Бошқарув ва ақл билан иш қилишда энг яхшиларнинг таянчи бўлган, ўзида бошқарув санъати ва билимни бирлаштирган киши [уни] қуришни буюрган», деган ёзув бор Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида. Таъкидлаганимдек, лойиҳанинг биринчи босқичидаги тадқиқотларда 1,5 мингдан ортиқ битиклар (улардан кўпчилиги биринчи марта) ўқиб чиқилди ва таржима қилинди. 200 дан ортиқ шеърлар, панд-насиҳатлар, ҳикматли сўзлар, 100 дан ортиқ уста ва хаттотларнинг исмлари, 300 диний ва 150 бағишлов ёзувлари, 150 хронограмма ва 100 та тарихий сана, 100 та ҳукмдорлар фармонлари ва бошқа ёзувлар шулар жумласидандир.
Мухтасар айтганда, «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумидаги китоб-альбомларда ана шу тадқиқотлар натижаси жамланган. Тарихий обидаларимиздаги бу каби битиклар бизга ўша даврлар ҳақида тасаввур уйғота олиши билан қимматлидир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.