Самарқанд форуми ниҳоясига етди! ЎзА мухбири анжуман якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбари Акмал Саидов билан суҳбатлашди.
2025-2028 йилларга мўлжалланган БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайланган академик А.Саидов мазкур орган тарихида Ўзбекистоннинг биринчи вакилидир.
– Кўҳна шаҳар анъанавий форумга яна бир бор мезбонлик қилмоқда. Дастлаб Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги истиқболи ҳақида гапириб берсангиз.
Зеро, сўнгги пайт давлатимиз раҳбарининг кўплаб ташаббуслари йирик минбарларда, халқаро саммитларда, Ассамблея сессияларида фаол қўллаб-қувватланмоқда. Айни эътироф Президент Шавкат Мирзиёев таклифлари асосида қабул қилинган 10 дан зиёд резолюцияда акс этди. Бу муваффақиятлар замирида қандай механизм ётипти?
– Жуда қизиқарли савол бердингиз, раҳмат! Аввало “Кўҳна Самарқанд” иборасига аниқлик киритайлик. Биз Самарқандда, Янги Ўзбекистонда яратилган боқий шаҳар ҳудудида турибмиз. Қадим Самарқандга таъсир қилмасдан, янги Самарқанд руҳини олган жойда конференция ўтказяпмиз.
“Самарқанд руҳи” тушунчаси ҳам бежиз пайдо бўлгани йўқ. Президентимиз Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форумига йўллаган табригида таъкидлаганидек, анъанага айланган форумнинг натижаси – Инсон ҳуқуқлари бўйича “Самарқанд руҳи” шакллангани.
Дунёда минтақавий ва глобал даражадаги инсон ҳуқуқи минбарлари бор, аммо Самарқанд формати илк бор шаклланди. Иносн ҳуқуқи бўйича “Самарқанд руҳи” илҳомчиси, ғояси муаллифи, ташкилотчиси – Президентимиз. Анжуман иштирокчиларига қилинган мурожаат иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқи муаммоси Ўзбекистон етакчисини қанчалик ўйлантиришидан далолат.
Саволингизга келсак, ютуқларимизнинг биринчи шарти халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик. Ўзбекистон ва БМТ ўзаро алоқани 1992 йил йўлга қўйган. Ўшанда ёш, мустақил давлатимиз нуфузли ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Ҳозир мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг мустақил субъекти сифатида 100 дан зиёд халқаро тузилма аъзоси.
Диёримиз Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО каби деярли БМТнинг барча 17 ихтисослашган муассасасида фаол. Демак, ташкилот билан Ўзбекистоннинг икки томонлама алоқалари ниҳоятда кўп қиррали ва турли йўналишларни қамраб олган.
Яқиндагина республикамиз илк бор Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ЭКОСОС)га ҳам қабул қилинди. 56 давлатдан иборат мазкур кенгашга аъзолик учун 193 давлатдан 185 тасининг овозини олдик. Бунчалик кўп овоз йиғиш БМТ тарихида учрамаган. ЭКОСОСга кириш Ўзбекистоннинг дунё миқёсида, жаҳон сиёсатида ўзининг овози, ташаббуслари ва нуқтаи назарини ўтказа олиши кўрсаткичи, дейиш мумкин.
Иккинчидан, мустақил давлатнинг бир ҳусусияти бор – Халқаро ҳуқуқни яратиш жараёнидаги иштироки ёки норма ижодкорлиги, яъни БМТ норма ижодкорлиги фаолиятидаги иштироки. Ҳақиқатан, 2017 йилга қадар Ўзбекистондан битта ташаббус ўтган – “Марказий Осиёни ядро қуролидан ҳоли ҳудуд” деб эълон қилиш. Биринчи Президентимиз томонидан 1993 йил 27 сентябрда илгари сурилган ташаббус салкам 20 йилдан ортиқ вақт ўтиб, “Остона резолюцияси” сифатида эълон қилинган.
Ҳозир-чи? Сўнгги етти йилда давлатимиз раҳбарининг ўнта ташаббуси билан резолюция қабул қилинди. Мен БМТнинг салкам 80 йиллик тарихини ўргандим. Ҳеч бир давлат раҳбарининг ташаббуси билан шунча резолюция қабул қилинмаган экан. Масаан, биринчи резолюция таълим ва диний бағрикенгликка доир. Шунингдек Марказий Осиёда туризм, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорлик, сўнгра экология бўйича икки резолюция қабул қилинди. Охиргиси наркотикларга қарши кураш бўйича ташаббуслар муваффақиятли амалга оширилган.
Давлатимиз раҳбари биринчи босқичда жаҳон ҳамжамияти эътиборини Марказий Осиёга тааллуқли муаммоларга қаратган бўлса, сўнгги йилларда илгари сураётган ташаббуслари Ўзбекистон норма ижодкорлиги фаолияти билан жаҳон сиёсатига глобал даражада муносиб ҳисса қўшаётганини ифодалайди.
Шунингдек, яқинда БМТ тизимидаги Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгашига аъзо бўлдик. Энди бу йўналишда ҳам Ўзбекистон овози дунё узра баралла янграйди. ХМТ ҳозирги кунда юртимиз болалар ва мажбурий меҳнатни йўқ қилиш бўйича қилган ишларни бутун жаҳонга тавсия этмоқда. Ўзбекистон тажрибаси жаҳон давлатларига ўрнак сифатида кўрсатилмоқда.
Биз Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи марта 1999 йил Бола ҳуқуқлари қўмитасига ҳисобот берганмиз. Шундан сўнг 25 йилдан буён БМТ қўмита ва кенгашларига 50 га яқин турли миллий маърузалар тақдим этдик. Энг муҳими, Президентимизнинг Инсон ҳуқуқи соҳасидаги очиқлик сиёсати туфайли, пировардида Ўзбекистон бутун дунё ҳамжамиятига очилди, дунё ҳам мамлакатимизга самимий кўз билан қарай бошлади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг икки нафар вакили бир вақтда битта давлатга келганини кўрмаганман. Бугунги анжуман иштирокчиларига қарата Олий комиссар Фолькер Тюрк шундай деди:
– Ўтган йил мартда Ўзбекистонда бўлдим, мамлакатдаги ижобий ўзгаришларни ўз кўзим билан кўрдим. Барчаси мени жуда ҳайратга солди. Форум ҳам ҳеч кимда учрамаган ташаббус бўлди.
Жаноб Тюрк Президент ташаббусларини юқори баҳолади.
– Мана шу саъй-ҳаракатлар натижаси туфайли бугун мамлакатимиз яна бир тарихий воқелик устида турибди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Ўзбекисондан вакил сайлангани ҳам катта ютуғимиз, албатта. Акмал Холматович, мазкур қўмитанинг аъзоси сифатида келгуси режаларингиз қандай? Бу янгилик республикамизга қандай имкониятлар тақдим этади?
– Мазкур қўмитага Ўзбекистон вакили аъзо бўлгани, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқи соҳасидаги ислоҳотларимиз эътирофи, деб биламан. Биз танлаган йўл – ортга қайтмас тус олган демократик ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти эътиборида бўлиб тургани қувонарли.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз ишлаб чиқиш тартиби жиҳатидан, муҳокама қилиш, референдум йўли билан қабул қилиниши нуқтаи назаридан дунёга ўрнак, тажриба сифатида кўрсатилмоқда. Дунёнинг кўп давлатларида, ҳатто БМТнинг асосий ҳужжатларида ҳам экологик ҳуқуқ ажратилавермайди. Шу маънода Бош қомусимизнинг Самарқанд форумига боғлиқ томони шуки, биз экологик ҳуқуқ бўйича бир боб киритганмиз.
Биламиз, бешта асосий ҳуқуқ бор: шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий. Биз энди экологик ҳуқуқни ҳам киритяпмиз. Бу Ўзбекистоннинг “ноу-хауси”, деса бўлади.
Иносн ҳуқуқи бўйича қўмитанинг уч вазифаси бор. Биринчиси, Халқаро Пактга аъзо давлатлар ҳисоботини эшитиш. Миллий маърузаларни тинглаб, ўз хулоса ва таклифларини бериш. Иккинчиси, ҳар бир давлат фуқаросининг якка тартибдаги шикояти, мурожаатини кўриб чиқиш ва тавсия бериш. Қўмитани инсон ҳуқуқи таъминланиши бўйича жаҳон лабороторияси, деса бўлади. Шу боис, учинчиси вазифа – жаҳонда у ёки бу ҳуқуқни ҳимоя қилиш бўйича тўпланган энг ижобий тажрибани умумлаштириш.
Хуллас, 1976 йил ташкил топган мазкур қўмита 3 асосий йўналиш бўйича фаолият юритади. Икки йилдан кейин қўмитанинг 50 йиллиги кенг нишонланади. Ўшанда ҳам тузилманинг ютуқлари, камчилиги, босиб ўтган йўли, энг муҳими, келажакдаги режалари ва йўналишлари белгилаб олинади.
Сўзим якунида айтмоқчи эдим: анъанавий Самарқанд форуми инсон ҳуқуқи бўйича энг муҳим глобал муаммоларни кўтарадиган платформага айланганини чет элликлар ҳам эътироф этишяпти. Президентимиз яна бир ташаббус билан чиқди: Марказий Осиёда экологик инқироз даврида инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида резолюция қабул қилиш кераклиги айтилди. Минтақавий даражадаги ташаббус глобал даражага кўтариляпти. Бундан ишларимиз жуда кўп.
Масалан, кейинги йил мингдан зиёд депутат келиши кутилаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясини ўтказамиз.
Энг муҳими, инсон ҳуқуқи соҳасида “Самарқанд руҳи” шаклланган биз учун жуда катта масъулият ва шу билан бирга юксак ғурур.
Акмал Холматович, суҳбат учун Сизга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kDRRXuyMYVo" title="Inson huquqlari bo’yicha “Samarqand ruhi” shakllandi – Akmal Saidov bilan eksklyuziv suhbat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.
Нишонбой Абдувоитов ва Алишер Исроилов (видео), ЎзА